Ўзбекистон | 16:03 / 21.10.2025
11251
3 дақиқада ўқилади

Ўқувчиларнинг ташаббусли бюджети – “Менинг мактабим” лойиҳаси бошланмоқда

Юқори синф ўқувчилари ўзи ўқийдиган мактабга керакли шарт-шароитларни ўз ташаббуслари билан қўлга киритиш имкониятига эга. 22 октябрдан бошлаб, улар “Менинг мактабим” лойиҳасига ўз таклифларини киритиши мумкин. Энг кўп овоз олган таклифлар рўёби учун ҳар бир мактабга 62 млн сўмдан пул ажратилади.

“Менинг мактабим” лойиҳасидаги ўтган йилги айрим таклифлар / Коллаж: Kun.uz

Ўзбекистонда мактаблардаги шароитларни яхшилашга қаратилган “Менинг мактабим” ташаббусли бюджет лойиҳаси бошланмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар битта умумтаълим мактабига 62 млн сўмдан маблағ ажратилади. Бу маблағни нимага ишлатишни эса ўша мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳал қилади.

Ўқувчилар ўз мактабини қўшимча жиҳозлаш бўйича таклиф киритиб, уни мактабдошлари орасида тарғиб қилиш орқали овоз тўплайди. Бунда, киритилган таклифларга фақат шу мактабнинг ўқувчилари овоз бера олади.

Энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб деб топилиб, сўралган жиҳозлар харид қилинади.

Бу орқали ёшларда мақсад сари жамоа бўлиб ҳаракат қилиш кўникмаси шаклланади, лидерлик қобилияти ривожланади.

“Менинг мактабим” лойиҳаси ўтган йили илк марта синов тариқасида ўтказилган ва унда мактаб учун компютер, электрон доска, спорт жиҳозлари, фаоллар зали учун жиҳозлар ва кузатув камералари каби ташаббуслар илгари сурилган.

Бу йилдан бошлаб, “Менинг мактабим” республика бўйича юқори синф ўқувчилари ўқийдиган умумтаълим мактабларининг барчасида ўтказилади.

1-мавсумда 112 та тумандаги 4987 та мактаб қатнашади ва бунда:

  • 22–31 октябр кунлари лойиҳалар шакллантирилади;
  • 1–10 ноябр кунлари лойиҳалар сараланади;
  • 11–20 ноябр кунлари овоз бериш босқичи ўтказилади.

Қолган мактаблар эса декабр ойида бўладиган 2-мавсумда иштирок этади.

Лойиҳа киритиш босқичида ўқувчилар “Очиқ бюджет” порталидаги намуналар орасидан ўзига ёққан лойиҳани танлаб олиши ёки ўзлари янгидан лойиҳа шакллантириб, уни илгари суриши мумкин.

Ҳар бир мактабга туман (шаҳар) бюджетидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари – 61,8 млн сўмгача маблағ ажратилади. Киритиладиган лойиҳалар қиймати ана шу миқдордан ошмаслиги керак.

“Менинг мактабим” доирасида ўқитувчилар ва мактаб маъмурияти учун товар ва хизматларни харид қилиш тақиқланади. Бундан ташқари, қуйидагича лойиҳалар илгари сурилишига йўл қўйилмайди:

  • ўқувчилар ўртасида низо келтириб чиқарадиган, фақат бир гуруҳ ўқувчилар фойдаланиши учун мўлжалланган лойиҳалар;
  • санитария меъёрларини бузиши ёки табиатга зарар етказиши мумкин бўлган лойиҳалар (ичимлик сувидан самарасиз фойдаланиш ва бошқалар);
  • мактабни сақлаш билан боғлиқ харажатлар (коммунал хизматлар ва бошқалар);
  • ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг соғлиги (хавфсизлиги)га таъсир қилиши мумкин бўлган лойиҳалар (аттракционлар ва бошқалар);
  • ўқувчилар вақтини беҳуда ўтказишига олиб келадиган, ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатадиган лойиҳалар (PlayStation каби ўйин машиналари ва бошқалар).

Тўлиқроқ маълумот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган инфографикаларда ва “Очиқ бюджет” порталидаги савол-жавоб рукнида келтирилган.

Мавзуга оид