Жаҳон | 20:36 / 21.10.2025
13324
4 дақиқада ўқилади

Трамп ва Путиннинг Будапештдаги учрашувига тайёргарлик тўхтатилди

Манбага кўра, АҚШ президенти томонлар музокарага тайёр эмас деб ҳисобламоқда.

Фото: Contributor/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп ва РФ президенти Владимир Путин ўртасида Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтиши режалаштирилган саммитга тайёргарлик кўриш тўхтатилган. Бу ҳақда NBC News журналисти Гаррет Ҳааке Оқ уйдаги манбасига таяниб.

Манбанинг сўзларига кўра, АҚШ президенти икки томон ҳам «музокараларга ҳали тайёр эмас» деб ҳисобламоқда.

«Марко Рубио ва Сергей Лавров ўртасидаги телефон мулоқоти „сермаҳсул“ бўлди, аммо АҚШ президенти ҳар икки томон ҳам музокараларга етарлича тайёр эмас деб ҳисоблайди», – деб ёзди Ҳааке Х ижтимоий тармоғида.

Кўп ўтмай Reuters ҳам Оқ уй вакилига асосланиб, АҚШ президенти Доналд Трамп яқин вақтлар ичида Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни режалаштирмаётгани ҳақида хабар берди.

Бу вақтда CNN ҳам ўз манбаларига таяниб, Трамп ва Путиннинг Будапештда ўтказилиши режалаштирилган учрашуви Россиянинг максималистик позицияси туфайли қолдирилиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Трамп ўтган ҳафтада Путин билан телефон орқали мулоқотдан сўнг дарҳол «кейинги ҳафтада» АҚШ ва Россия юқори мартабали делегацияларининг асосий учрашувга тайёргарлик доирасидаги учрашуви бўлиб ўтишини, унга АҚШ делегациясига давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилишини айтганди.

Энди эса, Оқ уйнинг аноним вакили CNN’га маълум қилишича, бу тайёргарлик учрашуви қолдирилган. Телеканал манбаларидан бирининг сўзларига кўра, бунинг сабаби қуйидагича: Марко Рубио ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровда уруш қандай тугаши кераклиги бўйича «кутилмалар турлича».

19 октябр куни Лавров ва Рубио телефон орқали суҳбатлашди. Расмий баёнотда томонлар суҳбатни конструктив деб атади, бироқ CNN манбасининг айтишича, аслида Америка томони Россия ҳали ҳам ҳаддан ташқари максималистик позицияга эга деб ҳисоблайди. Рубио Трампга Путин билан кейинги ҳафтадаёқ учрашишни тавсия этиши «эҳтимолдан йироқ», деб ёзган CNN.

Россия томони ҳам Лавров ва Рубио ўртасидаги учрашув режалаштирилмаганини маълум қилди. «Кеча Ғарбдаги баъзи манбалар ёзган нарсаларни биз тасдиқламаймиз. Бундай контакт муддати ва жойи бўйича ўзаро яқин тушунча йўқ», – деган ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков CNN нашрига изоҳида.

Трамп Зеленский билан учрашувдан сўнг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни мавжуд фронт чизиғидаги музлатишга чақира бошлади. Бу ғояни Зеленский ҳам, Европа етакчилари ҳам қўллаб-қувватлади.

Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақириқлар Трамп ва Путиннинг Анкориждаги учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларга зиддир. «Ҳозир Вашингтондан зудлик билан тўхташ кераклиги, бошқа ҳеч нарсани муҳокама қилишнинг ҳожати йўқлиги ҳақида гапира бошлашди. Тўхтанг, кейин тарих ҳукм чиқарсин, дейишмоқда. Тушуняпсизми, агар сиз шунчаки тўхтасангиз, бу можаро сабабларини унутишни англатади, бу сабабларни эса Америка маъмурияти Доналд Трамп ҳокимиятга келиши билан аниқ билганди», – деди Лавров.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид