Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОТБ Ўзбекистонда STEM таълимини қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар ажратди
Осиё тараққиёт банки (ADB) Ўзбекистонда умумий ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) сифатини оширишга қаратилган лойиҳа учун 100 млн доллар имтиёзли кредитни маъқуллади. Лойиҳа 200 мактабни ресурс марказига айлантириш, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қизларнинг STEM соҳаларига қизиқишини кучайтиришни назарда тутади.
Фото: ОТБ
Лойиҳа — “Умумий ўрта таълимда STEM” — ёшларни инновацияга асосланган замонавий кўникмалар билан таъминлаш орқали 2030 йилга қадар юқори ўрта даромадли мамлакат мақсадига ҳисса қўшишни кўзлайди. ADB’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайяга кўра, “ушбу ташаббус инсон капиталига сармоя ва ёшларни қувватлашга бўлган қатъиятни акс эттиради, инклюзив ва рақобатбардош келажак учун пойдевор яратади”.
Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 200 та мактабда ўқув муҳити янгиланиб, қўшни таълим муассасалари учун ресурс марказлари сифатида хизмат қилади. Янгиланишлар таркибига замонавий лабораториялар, АКТ инфратузилмаси, қуёш энергияси тизимлари, шунингдек ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун инклюзив шароитлар киради.
Ташаббус мамлакат миқёсида олтита STEM фан йўналиши бўйича ўқитувчиларни қайта тайёрлашни, таълим технологиялари асосида STEM таълимини ривожлантиришни ҳам қамраб олади. Қизларнинг STEM'га қизиқишини ошириш учун мақсадли ахборот-тарғибот кампаниялари ва мослаштирилган касбий консалтинг дастурлари амалга оширилади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига ҳамда ADB’нинг “Стратегия 2030” устувор йўналишларига — рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим барқарорлигига — мос келади. Шу билан бирга, ADB’нинг мамлакатдаги кенгроқ инсон капитали ташаббусларини, жумладан “яшил иқтисод” учун касбий таълимга бўлажак сармояларни тўлдиради.
Жорий йил ADB ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги қайд этилмоқда. 1995 йилдан буён банк мамлакатга жамоат сектори кредитлари, грантлар ва техник кўмак кўринишида жами 14,6 млрд доллар ажратди.
ADB — Осиё ва Тинч океани минтақасида инклюзив, бардошли ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватлайдиган етакчи кўп томонлама молия институти. 1966 йилда таъсис этилган банк 69 аъзога (шундан 50 таси минтақада) эга бўлиб, инновацион молиявий воситалар ва стратегик шерикликлар орқали ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Мавзуга оид
17:27 / 18.11.2025
Президент Осиё тараққиёт банки раҳбари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди
14:44 / 18.11.2025
Ўзбекистон ОТБ билан кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини ишлаб чиқмоқда
21:16 / 09.09.2025
ОТБ “Нукус-2” шамол электр станцияси учун 51 млн доллар ажратди
23:03 / 28.08.2025