Жаҳон | 09:10 / 23.10.2025
3159
5 дақиқада ўқилади

Трамп узоқ масофали ракеталарга қўйилган чеклов олиб ташланишини рад этди

WSJ’даги Вашингтоннинг Киевга узоқ масофали ракеталарни қўллашга рухсат бергани ҳақидаги мақола «фейк», деб айтди Дональд Трамп. Бир неча соат олдин газета расмий шахсларга таяниб, АҚШ бундай чекловни бекор қилганини хабар қилган эди.

Фото: U.S. Army photo by Spc. Devin Klecan

Вашингтон кеча Украина Қуролли кучлари қўллаган Storm Shadow ракеталарига алоқадор эмас, шунингдек, The Wall Street Journal (WSJ) газетасида АҚШнинг Киев томонидан узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга қўйилган асосий чекловни бекор қилгани ҳақидаги мақола «фейк»дир, деб қайд этди АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида чоп этган хабарда.

«Wall Street Journal’да АҚШ Украинага Россиянинг ички ҳудудларига етиб бора оладиган узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат бергани ҳақидаги мақола — фейк янгилик! АҚШ бу ракеталарга, улар қаердан келгани ва Украина улардан нима мақсадда фойдаланаётганидан қатъи назар, ҳеч қандай алоқаси йўқ!» — дейилади Трамп хабарида.

Бир неча соат олдин WSJ ўз мақоласида номаълум «АҚШнинг расмий шахслари»га таяниб, Доналд Трамп маъмурияти «ғарбий иттифоқчилар томонидан берилган айрим узоқ масофали ракеталардан Украина фойдаланишига қўйилган асосий чекловни бекор қилган»ини иддао қилганди. Хусусан, мақолада Британия томонидан етказиб берилган Storm Shadow қанотли ракеталарининг бир кун олдин Брянскдаги кимё заводига зарба бериш учун қўллангани тилга олинади.

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Вашингтоннинг Киевга «расман эълон қилинмаган» тарзда рухсат бериш қадами яқинда бундай ҳужумларни қўллаб-қувватлаш ваколати Пентагон раҳбари Пит Хегсетдан Европадаги НАТО қўшма қуролли кучларининг бош қўмондони Алексус Гринкевичга ўтказилганидан сўнг амалга оширилган.

«Бу силжиш Трампнинг октябр бошида Кремлга босим ўтказиб, Россия урушини тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга ундаш уриниши билан мос келди. Шу жумладан, у Киевга узоқ масофали Tomahawk ракеталарини етказиб бериш эҳтимолини ҳам кўриб чиққан эди», — деб ёзади WSJ, бироқ АҚШ президенти бу «Томагавк» етказиб бериш ғоясидан воз кечганини қайд этади.

Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, АҚШнинг расмий шахслари Украинадан Россиядаги ҳарбий объектларга Storm Shadow ракеталари ёрдамида яна кўпроқ зарбаларни кутмоқда, бу ракеталар 300 кмдан ортиқ масофадаги нишонларни ура олади. Бироқ Вашингтон Киевнинг ҳозир ихтиёридаги бундай ракеталардан фойдаланишини чеклаши мумкин, чунки улар «Америка навигация (нишонга олиш) маълумотларидан фойдаланади».

Украина Қуролли кучлари Бош штаби 21 октябр кечқурун Брянск кимё заводига зарба берилганини маълум қилди. «Авиация ва ракеталарни биргаликда қўллаш орқали амалга оширилган ҳужум доирасида ҳаводан учириладиган Storm Shadow ракеталари ҳам ишлатилди, улар Россиянинг ҳаво мудофаа тизимини йўққа чиқара олди», — дейилади украин ҳарбийлари баёнотида.

Бош штаб маълумотига кўра, Брянск кимё заводи «тажовузкор мамлакатнинг ҳарбий-саноат мажмуасининг муҳим бўғини» бўлиб, у ерда порох, портловчи моддалар ва ракета ёнилғиси компонентлари ишлаб чиқарилади — «хусусан, Украина ҳудудини ўққа тутишда қўлланаётган ўқ-дорилар ва ракеталар учун».

Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил ноябр ойи бошларида Буюк Британия ҳукумати Украинага яна бир неча ўнлаб узоқ масофали Storm Shadow қанотли ракеталарини топширган. Агентлик хабарига биноан, УҚК ушбу ракеталарни РФ ҳудудидаги мақсадларга илк бор ноябрнинг иккинчи ярмида ишлатган: 10–12 та ракета Курск вилоятининг Марино посёлкасига ҳужум қилган. 2025 йил давомида Россиядаги ҳарбий объектлар ва НҚЗга зарбаларнинг кўпчилиги дронлар ёрдамида амалга оширилган.

Американинг узоқ масофали Tomahawk қанотли ракеталаридан фойдаланишни ўрганишга олти ойдан бир йилгача вақт керак, аммо АҚШ бундай ўқитишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Доналд Трамп Европа вақти билан 23 октябр кечаси Оқ уйда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашув чоғидаги брифингда маълум қилди.

«Tomahawk билан боғлиқ муаммо шундаки, кўпчилик билмайди: улардан фойдаланишни ўрганиш учун камида олти ой, одатда бир йил керак. Бу жуда мураккаб қурол. Демак, Tomahawk’ни фақат уни ишлатишни биладиганлар қўллай олади — яъни биз. Биз эса ҳеч кимни ўқитмаймиз», — деди Трамп журналистлар ҳузурида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид