Жаҳон | 08:50 / 24.10.2025
2797
2 дақиқада ўқилади

Путин: Будапештдаги Трамп билан саммит бекор қилинмади, балки кейинга қолдирилди

Владимир Путин Доналд Трамп Будапештдаги учрашувини бекор қилинмаган, балки кейинга қолдирган деб ҳисоблайди. Россия-АҚШ саммитига пухта тайёргарлик кўриш керак ва бунинг учун Марко Рубио ва Сергей Лавров учрашиши лозим, деди Россия президенти.

Фото: Sergei Bobylev/TASS/IMAGO

Владимир Путин Доналд Трампнинг Будапештдаги учрашуви ҳақидаги гапларини саммит бекор қилинмаган, балки кейинга қолдирилган деб талқин қилмоқда. Кремл веб-сайтига кўра, Россия президенти бу баёнотни 23 октябр, пайшанба куни Москвада берган.

«Мен бу баёнот билан танишман. АҚШ президенти ушбу учрашувни бекор қилишга ёки кейинга қолдиришга қарор қилди. Эҳтимол, у уни кейинга қолдириш ҳақида гапиряпти. Нима дейиш мумкин? Диалог ҳар доим ҳар қандай қарама-қаршиликдан, ҳар қандай низолардан ёки ҳатто урушдан яхшироқдир. Шунинг учун биз ҳар доим давом этаётган мулоқотни қўллаб-қувватлаганмиз ва буни давом эттирмоқдамиз», деб таъкидлади Путин.

«Мен ҳам, Америка президенти ҳам бунга енгил ёндашиб, бу учрашувни кутилган натижасиз қолдириш хато бўларди», деб қўшимча қилди Россия президенти. У Будапештдаги саммит АҚШ томонидан таклиф қилинганини ва икки томонлама келишувга кўра, давлат котиби Марко Рубио ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ундан олдин учрашиши режалаштирилганини эслатди.

АҚШнинг Россияга қарши янги санкцияларига ҳақида гапириб, Путин «улар жиддий ва маълум оқибатларга олиб келишини» тан олди. Шу билан бирга, у бу санкциялар Россиянинг «иқтисодий фаровонлигига» «сезиларли таъсир кўрсатмаслигига» ишоняпти. «Бу Россияга босим ўтказишга уриниш. Аммо ҳеч бир ўзини ҳурмат қиладиган мамлакат ёки ўзини ҳурмат қиладиган халқ ҳеч қачон босим остида бирор нарсага қарор қилмайди», деб давом этди Россия раҳбари.

Путиннинг сўзларига кўра, янги чекловлар «энди тиклана бошлаган Россия-Америка муносабатларини мустаҳкамламайди». «АҚШ маъмурияти бундай ҳаракатлар билан Россия-Америка муносабатларига зарар етказмоқда», деб хулоса қилди Россия президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид