Спорт | 12:30 / 27.10.2025
13632
14 дақиқада ўқилади

Класикода жанжал, «Сити»да яна мағлубият, Шомуродовда дубл. Кун ўйинлари

АПЛда «Арсенал» илгарилаб кетмоқда, Ла лигада ҳам «Реал» яққол пешқадамга айланди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Испания: пеналти, қизил, полиция

«Реал» – «Барселона» 2:1
Голлар:
Мбаппе, 22 (1:0). Фермин Лопес, 38 (1:1). Беллингҳэм, 43 (2:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Мбаппе, 52’
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Ҳаусен, Каррерас, Валверде (Карваҳал, 72), Камавинга, Тшуамени, Винисиус Жуниор (Родригу, 72), Арда Гулер (Диас, 66), Беллингҳэм (Г. Гарсия, 90), Мбаппе (Себалйос, 90+1)
«Барселона»: Шченсни, Кубарси (Баржи, 83), Э. Гарсия (Араухо, 74), Балде (Мартин, 90+7), Кунде, де Йонг, Фермин Лопес, Педри, Рэшфорд, Ямал, Торрес (Касадо, 74)
Огоҳлантиришлар: Валверде, 23. Ҳаусен, 57. Лунин, 90. Эдер Милитау, 90 – Педри, 42. Фермин Лопес, 90
Четлатиш: Педри, 90 (иккинчи сариқ карточка)

«Реал» ва «Барса» жамоалари бу сафар ҳам мухлислар кутган шоуни намойиш этиб беришди. «Реал» йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши ҳам мумкин эди, фақат Шченсни бунга йўл қўймади, ўйин охирида эса Педрининг ҳам асаблари дош бермади.

Ўйиннинг иккинчи дақиқаси ўтар-ўтмасдан «Реал» пеналти ишлади. Ямал Винисиуснинг зарбасини тўсишга уриниб, оёғини тўпга олиб борди ва рақибни йиқитди. Бош ҳакам «нуқта»ни кўрсатди, аммо вазиятга VAR аралашиб, ҳакамни монитор қаршисига чақирди, шундан кейин у ўз қарорини ўзгартирди. Бу вазиятда Винисиуснинг ўзи рақибнинг оёғига зарба берган деб топилди. Бу мезбонларнинг кайфиятига таъсир кўрсатмади ва улар Шченсни дарвозасига таҳдид солишда давом этишди.

12-дақиқада Фермин майдоннинг ўз жамоаси дарвозаси жойлашган қисмида тўп учун курашда ютқазди ва Гулерга тўпни Мбаппе йўналишида ташлаб беришига тўсқинлик қила олмади. Француз ҳужумчиси тезда тўпга етиб борди ва кучли зарба йўллади. Бу мавсум ҳит-парадига кирадиган гол бўлганди, аммо бу шедевр микроофсайд туфайли бекор қилинди.

Мезбонлар учинчи имкониятдан барибир фойдаланишди, бу сафар меҳмонлар яна рақибни офсайдга туширишга уриниб панд ейишди. Жуд Беллингҳем тўпни чизиқлар орасидан ўтказиб берди, Мбаппе дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва аниқ зарба бериб, ҳисобни очди.

Бўлим охирида «Барса» жонланди ва дарҳол ҳисобни тенглаштирди. Бу сафар Арда Гулернинг ўзи жарима майдони яқинида тўп йўқотди, Маркус Рэшфорд қулай позицияда бўш қолдирилган Фермин Лопесни голли пас билан таъминлади.

Аммо бўлим якунланаётганида Винисиус чап қанотдан рейд уюштирди ва Кундени ортда қолдириб, тўпни олис устун томон етказди, у ерда тўп учун курашда устун келган Эдер Милитау тўпни бўш дарвоза қаршисида турган Жуд Беллингҳэмга ташлаб берди, инглиз яримҳимоячиси эса голни нишонлаб ҳам ўтирмади.

Педрининг биринчи бўлим давомида Винисиусга ишлатган фоли жамоаларнинг ҳолатини яққол ифодалайди.

Иккинчи бўлимда «Барселона» ниҳоят рақобат кўрсата бошлади, аммо барибир «Реал» яхшироқ ҳолатда эди. 51-дақиқада мезбонлар яна бир бор пеналти ишлади. Бу сафар арбитр қоидабузарликни кўрмаганди, VAR эса уни яна хатосини тузатишга чақирди. Бу вазиятда Эрик Гарсия Беллингҳемдан келган тўпни қўли билан ўйнаганди.

Мбаппе нуқтага яқинлашди, аммо Шченснини алдай олмади ва ўйиндаги интрига сақланиб қолди.

Кейин «Реал» навбатдаги марта дарвозани ишғол этди, бу гол ҳам офсайд туфайли бекор қилинди. Беллингҳэм иккинчи голни нишонлаганди, аммо бу ҳужумнинг бошланиш вақтида мезбонлар футболчиси офсайдга тушиб қолганди.

«Реал» ўйинни тўлиқ назорат қилаётганига қарамай, Алонсо анча эрта футболчиларни алмаштиришни бошлади. 73-дақиқага келиб мезбонлар сафида уч футболчи захирага олинди, ўйинини кучайтириши керак бўлган меҳмонларда эса бирорта ўзгариш бўлмади. Ҳаби Алонсо Винисиусни ҳам майдондан олди, бу эса гол уришни жуда хоҳлаган футболчига умуман ёқмади ва у ўз эътирозини очиқчасига намойиш этди. Бразилиялик вингер ҳатто маълум вақт захира ўриндиғини тарк этиб, кийим алмаштириш хонасига ҳам кетиб қолди.

Ўйиннинг якуний қисми анча асабий кечди. «Барселона» мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳам мумкин эди. 89-дақиқада Кунде дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо тўпни яхши тўхтата олмади ва имкониятни қўлдан чиқарди. Ҳакам иккинчи бўлимга тўққиз дақиқа қўшиб берди, аммо «Реал» ғалабали ҳисобни ушлаб қолди. 90+9-дақиқада эса Педри ҳужумдаги фол учун иккинчи карточкани олди.

Шундан кейин майдонда футболчилар орасида даҳанаки жанг бошланди.

Можаро ҳакам ҳуштагидан кейин ҳам давом этди.

Уларни ажратиш учун полиция аралашуви талаб этилди.

Каталонияликларни тушуниш мумкин, бу ғалабадан кейин мадридликлар беш очкога илгарилаб кетди.

Англия: Ҳоландда пауза

«Астон Вилла» – «Манчестер Сити» 1:0
Гол:
Кэш, 19 (1:0)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес, Дин (Матсен, 86), Кэш, Онана, Камара, Роджерс, Буэндия (Санчо, 29, Гессан, 74), Макгинн (Баркли, 74), Уоткинс (Мален, 86)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Стоунс (О`Райли, 61), Гвардиол, Матеус Нунес, Рейндерс (Шерки, 76), Бернарду Силва (Гонсалес, 61), Фоден, Савио (Мармуш, 84), Бобб (Доку, 61), Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Камара, 81 – Савио, 40. Рейндерс, 54. Гонсалес, 64. Фоден, 80

Хосеп Гвардиола – Унаи Эмерининг фаолиятидаги энг ноқулай мутахассислардан бири. У Пеп устидан илк ғалабасига эришиш учун 14 бор уриниб кўришга тўғри келганди, бу омадсиз серия фақат 2023 йил декабрига келиб барҳам топганди. Шундан кейин «Астон Вилла» «Манчестер Сити»ни Бирмингҳэмдаги кейинги ўйинда ҳам енгади, «шаҳарликлар»га қарши қаторасига учинчи уй учрашувидаги ғалаба (50 йил ичида илк бор) Кэшнинг саъй-ҳаракатлари эвазига рўй берди. Стандарт вазиятдан кейин полшалик ҳимоячи марказга кўчди ва бурчакка шу қадар аниқлик билан зарба бердики, Доннарумма жойидан жила олмади.

Бу ҳужумда ассистент ролини бажарган Буэндия эса кўп ўтмай алмаштирилди. Лекин бу натижага таъсир кўрсатмади, «Вилла» яхши ўйин кўрсатишда давом этди. Ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам. Доннарумма бир неча бор ўзини кўрсатишига тўғри келди, ҳимоячилар эса Ҳоланд қаторасига ўн иккинчи ўйинда гол уришига йўл қўймади. Мавсумни муваффақиятсиз бошлаган Эмери шогирдлари қаторасига тўртинчи ғалабага эришди ва турнир жадвалида кўтарилишда давом этди. «Сити» эса мавсум стартидаги 9 турда учинчи мағлубиятдан кейин турнир жадвалида бешинчи ўринга тушиб кетди.

«Арсенал» – «Кристал Пэлас» 1:0
Гол:
Эзе, 39 (1:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба (Москера, 46), Габриэл Магаляйнс, Калафиори (Инкапие, 82), Тимбер, Субименди, Райс (Мерино, 82), Эзе (Люис-Скелли, 88), Троссар, Сака (Мартинелли, 66), Йоекереш
«Кристал Пэлас»: Ҳендерсон, Лакруа, Геҳи, Ричардс, Камада (Ҳюз, 74), Уортон (Соса, 90+1), Митчелл (Лерма, 90+1), Мунйос (Уче, 90+1), Сарр, Пино (Нкетиа, 59), Матета

Мавсумни яхши ўтказаётган «Кристал Пэлас» собиқ етакчиси Эбериче Эзенинг ягона голи туфайли мағлубиятга учради. «Канонирлар» бу голни ҳам стандарт орқали уришди, одатдаги каби Райс тўпни жарима майдонига етказди, у ерда тўп учун курашда устун келган Габриэл Магаляйнс уни 11 метрлик зарба нуқтаси атрофига ташлаб берди, Эберече эса сакраган ҳолда қайтариб бўлмас зарба йўллади, бунақаси фақат футбол симуляторларида бўлади.

У собиқ жамоасига урган голини нишонламади, аммо у болаликдаги орзуси бўлган жамоаси сафида урган илк голидан чин дилдан хурсанд бўлгани тайин. Микел Артета шогирдлари октябрни идеал ўтказди. Барча турнирлар доирасидаги беш ўйин – бирорта гол ўтказмаган ҳолда беш ғалаба! Эндиликда лондонликлар чемпионлик пойгасидаги асосий рақиблари «Манчестер Сити» ва «Ливерпул»дан мос равишда 6 ва 7 очкога ўзиб кетди.

«Эвертон» – «Тоттенҳэм» 0:3
Голлар:
ван де Вен, 19 (0:1). ван де Вен, 45+6 (0:2). Сарр, 89 (0:3)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко, О`Брайен (Рел, 66), Гейе (Алкарас, 86), Гарнер, Дюсбери-Ҳолл, Грилиш, Ндиай, Бету (Барри, 66)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дансо, ван де Вен, Спенс, Порро, Палиня, Бентанкур, Симонс (Бергвалл, 61), Жонсон (Тел, 90+3), Қуддус (Сарр, 78), Коло Муани (Ришарлисон, 62)
Огоҳлантиришлар: Гарнер, 58. Грилиш, 71

Шанба кунги ўйинлардан кейин кутилмаганда иккинчи ўринга кўтарилиб олган «Сандерленд» якшанба куни кучли учликни тарк этди. Энди бу жамоа ўрнини бу мавсумда кучли ўйин намойиш этаётган «Борнмут» эгаллади, етакчилар учлигини эса «Тоттенҳэм» ёпиб берди. «Эвертон» майдонидаги ғалаба – чемпионатда қаторасига учинчиси, унинг асосий ижодкори эса ван де Вен бўлди. Нидерландиялик марказий ҳимоячи икки бор бурчак зарбалари вақтида аниқ ҳаракат қилиб, дублни расмийлаштирди, «шпорлар» сафида унинг амплуасидаги футболчи билан бунақаси 2013 йилда қайд этилганди, ўшанда Ян Вертонген бир ўйинда икки гол урган. Унга иккинчи голни уришда бошқа бир ҳимоячи Педро Порро ассистентлик қилди. Ушбу португалиялик футболчи АПЛда дебют қилганидан буён голли узатмалари сонини 17 тага етказди ва бу борада фақат Александер-Арнолддан (18) ортда.

Италия: «Рома»да яна минимал ғалаба

«Сассуоло» – «Рома» 0:1
Гол:
Дибала, 16 (0:1)
«Сассуоло»: Мурич, Романя (Канде, 39), Идзес, Дойг, Валюкевич, Матич, И. Коне (Лоренте, 81), Торстведт (Волпато, 60), Фадера (Чеддира, 81), Берарди (Вранкс, 60), Пинамонти
«Рома»: Свилар, Манчини, Н`Дика, Зеки Челик, Кристанте (Пеллегрини, 66), М. Коне, Цимикас (Эрмосо, 46), Уэсли Винисиус (Ренч, 87), Эл-Айнауи, Бэйли (Довбик, 50), Дибала (Соуле, 66)
Огоҳлантиришлар: Торстведт, 34. Дойг, 39. Волпато, 77 – Манчини, 24. Эрмосо, 47

«Рома» тўпланган очколар сони бўйича турнир жадвали пешқадами «Наполи»га етиб олди. Ўйин тақдирини Дибаланинг ягона голи ҳал қилди, жароҳатдан тикланиб сафга қайтган аргентиналик ҳужумчи жамоадоши билан «девор» услубида ўйнади ва шеригининг зарбасини дарвозабон қайтаргач, тўпга биринчи бўлиб етиб келди. Агар статистикага қаралса, хулоса қилиш мумкинки, Жан Пиеро Гасперини Клаудио Раниерининг ишини давом эттирмоқда. Гап сафар ўйинлари учун танланган модел ҳақида бормоқда, римликлар 2025 йил бошидан ҳисобланганда қатор кўрсаткичлар бўйича топ-5 лигаларда етакчи. Улар сафар ўйинларида энг кўп ғалабага эришган (12) ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш бўйича ҳам биринчи (9).

«Лацио» – «Ювентус» 1:0
Гол:
Башич, 9 (1:0)
«Лацио»: Проведел, Романиоли, Хила, Марушич, Лаццари (Пеллегрини, 55), Каталди, Башич (Весино, 68), Гендузи, Дзаккани, Исаксен (Педро, 83), Диа (Нослин, 82)
«Ювентус»: Перин, Гатти (Жоао Мариу, 86), Келли, Калюлю, Локателли, Копмейнерс (Костич, 66), Маккенни (Опенда, 78), Камбиясо (Кенан Йилдиз, 46), Консейсау, Влаҳович, Давид (Тюрам, 66)
Огоҳлантиришлар: Лаццари, 33. Гендузи, 90 – Копмейнерс, 30. Локателли, 52. Маккенни, 54. Келли, 64

Игор Тудор – А Серияда инқироз давридаги жамоалар учун энг яхши мураббий. Жамоани мавсум давомида қабул қилиб олиб, тўпланган очколар сони бўйича ҳеч ким у билан беллаша олмайди. У икки йил олдин «Лацио»да яхши иш олиб борганди, аммо Римга келганидан икки ярим ой ўтиб, мавсумлар оралиғида ишдан бўшатилганди. Ўтган мавсум охирида, баҳорда хорватиялик мутахассис «Ювентус»ни ЕЧЛга олиб чиқди ва янги мавсумни ҳам яхши бошлади, аммо энди жамоа кичик инқироз даврига кириб қолди. Тудор собиқ жамоасига қарши ўйингача етти учрашувдан иборат ғалабасиз серия қайд этаётганди, аммо клубдагилар унинг истеъфоси ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

Фақат бу сўзни амалда ҳам тасдиқлаш керак бўлади, мутахассиснинг Влаҳович ва Дэвидга бир схемада жой топиб беришга уринишлари эса муваффақиятсиз кечмоқда. Бу ўйиннинг биринчи бўлимида канадалик ҳужумчи яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, ундан олдинроқ эса унинг ўз жамоаси жарима майдонида тўп олдиришидан кейин Каталди Башични голли пас билан таъминлаганди. Тудор мағлубиятдан қутулиб қолиш учун бор имкониятларини ишга солиб, захирадан ҳужумкор футболчиларни жангга ташлади, аммо барча уринишлар муваффақиятсиз кечди. Меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришидан кўра, «Лацио» ҳисобдаги фарқни ошириши эҳтимоли кўпроқ эди. «Юве» қаторасига тўрт ўйиндан буён рақиб дарвозасини ишғол этолмаяпти, бунақаси жамоа тарихида 1991 йилдан буён кузатилмаганди.

Шомуродов тўпурар

«Анталяспор» «Истанбул» Башакшеҳир 0:4
Голлар:
Шомуродов (22', 88'), Да Кошта (45+4', 54')

Мавсум стартидаги муваффақиятсизликлардан кейин истанбулликлар ўзига кела бошлади. «Анталяспор» сафарда йирик ҳисобда мағлуб этилди. Ўйинда ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов икки голга муаллифлик қилди. Бу унинг Туркиядаги 5 ва 6-голларига айланди. У эндиликда чемпионатда иккинчи тўпурарга айланди, ундан олдинда фақат «Трабзонспор» ҳужумчиси Онуачу жойлашган, лекин ушбу нигериялик ҳужумчи 7 та голдан иккитасини пеналтидан урган.

«Истанбул Башакшеҳир» Туркия Суперлигасининг 10-туридан кейин 10 очко жамғарган ҳолда 11-ўринда бормоқда.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид