Ўзбекистон | 19:29 / 27.10.2025
4849
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти АҚШ делегациясини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.

Жорий йил 23 сентябр куни Ню Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Сержио Гор давлат раҳбарига АҚШ президенти Доналд Трампнинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Жадал сиёсий мулоқот, турли даражалардаги алмашинувлар ва фаол ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, октябр ойи бошида АҚШ Савдо палатаси делегациясининг ташрифи муваффақиятли ўтди.

Қабул қилинган «йўл харитаси» асосида саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш долзарблиги таъкидланди.

Томонлар хавфсизлик, терроризм ва экстремизм, ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан келгуси ҳафта Вашингтон шаҳрида «С5+1» форматидаги саммитни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид