Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина армияси Белгород сув омборига ҳужумни тасдиқлади
Украина Қуролли кучлари Махсус учувчисиз тизимлар қўшинлари қўмондони Роберт «Мадяр» Бровди Белгород сув омбори тўғонига украин ҳарбийлари томонидан зарба берилганини тасдиқлади. «Бу 1-алоҳида бўлинма (собиқ 14-полк) “қушлари” томонидан амалга оширилди», — деб ёзди у якшанба, 26 октябр куни ижтимоий тармоқларда. Бровди маълумотларига кўра, 26 октябр куни Белгород сув омборида ёриқ пайдо бўлган, биринчи зарбадан бери сув сатҳи 100 сантиметрга тушган.
24 октябр куни Украин армияси зарбасидан кейин Белгород сув омбори тўғони сув ўтказаётгани ҳақида гувоҳларга таяниб SOTAvision Telegram-канали ҳам хабар қилди.
Айрим рус Telegram-каналларида сув омборига ҳужумлар учинчи куни ҳам давом этгани айтилмоқда. Mash канали ёзишича, 26 октябр кундуздан кейин Северский Донец дарёсининг сатҳи кескин пасайган, сув устидан тутун кўринган.
Шу орада «Шö ? Шебекино» Telegram-канали билдиришича, Северский Донецнинг йирик йўналишларидан бири — Нежегол дарёси тошишни бошлаган. Хабарларга кўра, 26 октябр кечқурунга бориб сув шаҳар марказигача етган.
«Белгород №1» Telegram-канали Белгород сув омбори директори в.б. Юрий Парамоновнинг 26 октябр куни айтган сўзларини келтирди: вазият назорат остида, «агар у ёмонлашса ҳам, яқин қишлоқлар аҳолиси учун оқибатлар минимал бўлади», чунки сув омборидан чиқарилаётган сув, унинг айтишича, «Украина ҳудудига оқиб кетяпти».
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков 26 октябр куни «фақат 10 тадан бироз кўпроқ хусусий томорқани қисман сув босган, турар жойлар сув остида қолмаган», деб билдирди. Бундан аввал у тўғонга Украина армияси томонидан такрорий зарбани инкор этиб бўлмаслигини айтган эди.
Ўз навбатида, Украина армиясининг 16-корпуси маълум қилишича, тўғонга зарбадан кейин Харкив вилояти Волчанск яқинида Северский Донецдан ўтган рус бўлинмалари «асосий кучлардан амалда узилиб қолган».
«Россия ОАВ хабарига кўра, фақат бир кундаёқ сув омборидаги сатҳ бир метрга тушган. Аниқ айтганда — сув уйга эмас, Северский Донецга кетди, руслар блиндажларини сув босгани ҳақида хабарлар бор. Энг муҳими — душман логистикаси сезиларли қийинлашди. Шундай экан, Северский Донецдан ўтиб олган бўлинмалар амалда асосий кучлардан узилган», — деб ёзилган корпуснинг 26 октябр куни тарқатган маълумотида.
25 октябр куни белгород губернатори Вячеслав Гладков Украина армияси зарбаси оқибатида Северский Донец дарёсидаги Белгород сув омбори тўғони шикастланганини маълум қилган. У сув босиши хавфи туғилган аҳоли (ва вақтинча бошқа жойга кўча олмайдиганлар) учун Белгород ПВР (қабул-жойлаштириш пунктлари)га эвакуация таклиф этилаётганини айтган.
Гап Безлюдовка қишлоғи, Новая Таволжанка қишлоғи ва Шебекинодаги Титовка микрорайони ҳақида кетгани кўрсатилган.
Mash Telegram-канали даъво қилишича, зарбалар HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва Украинада ишлаб чиқилган Darts камикадзе дронлари ёрдамида берилган. Илгари «MNS | Москва • Новости • События» канали ҳам манбаларига таяниб шунга ўхшаш маълумот тарқатган. Белгород сув омборига зарба беришда HIMARS қўллангани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.
Мавзуга оид
10:02
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026