Жамият | 17:03 / 28.10.2025
27999
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга “бегона” машина – қаровсиз қолдирилган Nissanʼнинг саргузаштлари

Молдован эгаси Қўқон кўчаларида қолдириб кетган Nissan автомобил энг қадрланадиган юртда қадрсиз бўлди: қарийб 500 кун чанг босиб ётган машина давлат ихтиёрига ўтказилиб, аукцион савдоларига чиқарилди. Бир мазза қилиб “иномарки” минай, дея ният қилган қўқонлик Козим Раҳимов аукционда қатнашиб, машинани сотиб олди. Бироқ у Nissan билан бирга бошига ғалва ҳам “сотиб олганини” машина эшигини очгандагина билди: автомобилнинг рул бошқаруви ўнг томонда эди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарғонада Nissan автомобили билан боғлиқ қизиқ ҳолат содир бўлди: аукцион савдоларига чиқарилган ва фуқаро томонидан сотиб олинган машинани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилмоқда. Чунки ушбу автомобилнинг рул бошқаруви ўнг томонда жойлашган. Машинани 47 млн сўмга сотиб олган Козим Раҳимов эса энди нима қиларини билмай, боши қотган.

Кўчада қолдирилган Nissan

Қўқон шаҳрининг Юзлар кўчасидаги 51-уй яқинида чет эл давлат рақам белгиси тақилган Nissan автомобили анча пайт чанг босиб, қаровсиз ҳолда турди. Ўтган-қайтганлар бирор кун эгаси келиб олиб кетар-да, дея машинага эътибор беришмасди. Кейинчалик ушбу Nissan молдовалик Сергей Кодриану исмли шахсга тегишли экани маълум бўлди.

Сергей Кодриану Ўзбекистонга 2020 йил 26 январ куни Қорақалпоғистоннинг “Даут-ата” божхона чегара пости орқали кириб келганди. Ўшанда унга транспорт воситасини 2022 йил 31 март кунига қадар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш мажбурияти берилган. Сергей Кодриану нима мақсадда келгани ва машинасини нега қолдириб кетгани бизга қоронғи.

2023 йил 9 август куни “Андархон” божхона чегара пости инспектори томонидан Қўқон шаҳрида қаровсиз қолдириб кетилган ТО228ТI давлат рақам белгили Nissan машинаси топилади. Автомобил “Авто” ягона ахборот алмашув тизими дастури орқали текшириб кўрилганида у Сергей Кодриануга тегишли экани, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилиши керак бўлган муддатдан 497 кун ўтиб кетгани аниқланади. Шу сабабли транспорт воситасига 298 млн 498 минг сўм миқдорда тўланиши лозим бўлган божхона йиғимлари ҳисобланган.

ЖИБ Қўқон шаҳар судининг 2023 йил 3 октябрдаги қарори билан Сергей Кодриану машинасини белгиланган муддатда Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмагани учун 660 минг сўм жарима жазосига тортилган. Nissan эса Қўқон шаҳридаги божхона омборига вақтинчалик сақловга олинган.

Божхона омборидан аукционга “йўл”

Машина энг қадрланадиган юртда қадрсиз бўлган Nissan божхона омборида 1 йилдан ортиқ қолиб кетади: 2024 йилнинг декабрига келибгина унинг “тақдири” ҳал қилинади. ЖИБ Қўқон шаҳар судининг 2024 йил 3 декабрдаги қарори билан машина давлат даромадига мусодара қилинган. Автомобил 55 млн 63 минг сўмга баҳоланган.

Шу тариқа машина суд ва МИБнинг ҳужжатларидан ўтиб, 2025 йил сентябр ойида нархини тушириб бориш тартибида аукцион савдоларига чиқарилади.

12 сентябр куни ўтказилган аукцион савдоларида Қўқон шаҳрида яшовчи Козим Раҳимов ғолиб бўлади. У автомобилни 47 млн 354 минг сўмга сотиб олади.

Ғолиб тўловни амалга оширади ва унга аукцион ҳужжатлари расмийлаштириб берилади. Сўнгра далолатнома тузилиб, Nissan Козим Раҳимовга топширилади.

Аммо Nissanʼнинг саргузаштлари шу билан тугамайди: йиллаб чанг босиб ётган машина эшигини очган Козим Рахимов ҳайратланиб қолади, чунки унинг рул бошқаруви ўнг томонда эди.

Шунга ҳам рози бўлган ғолиб автомобилни давлат рўйхатидан ўтказишга олиб борганда бир мазза қилиб “иномарки” минаман, деган нияти пучга чиққанини сезади. Негаки, Фарғона вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида ушбу Nissanʼни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

Салонини кўрмагандим”

Аслида ҳақиқатан ҳам рул бошқаруви ўнг томонда жойлашган автомобилларни Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгилаб қўйилган.

Мазкур низомнинг 22-бандига кўра, автомототранспорт воситаси рул бошқаруви ўнг томонда жойлашган ҳолда тақдим этилганда ЙҲХХ ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан уни давлат рўйхатига қўйиш ёзма шаклда рад этилиши мумкин.

Шу сабабли Козим Раҳимовнинг машинани давлат рўйхатидан ўтказиб беришни сўраб халқ қабулхонасига қилган мурожаатига Фарғона вилояти ЙҲХБ шундай мазмунда жавоб қайтарган.

Аукцион савдоларидан олдин машинани жойига бориб кўргандим. Тўғриси, жуда чанг бўлиб кетган экан. Калити эса йўқ эди. Шу сабабли, унинг салон қисмини кўролмагандим. Рул бошқаруви ўнг томондалигини билмагандим. Энди машинани давлат рўйхатидан ўтказиб беришмаяпти”, дейди Козим Раҳимов Kun.uz журналисти билан суҳбатда.

Энди нима бўлади?

Аслида давлат рўйхатидан ўтказиш мумкин бўлмаган рули ўнг томондаги Nissanʼни енгил автомобил тоифаси сифатида аукцион савдоларига чиқаришнинг ўзи катта эҳтимол билан хато бўлган.

Энди машинани давлат аукционида сотиб олган фуқаро пулига куйиб қоладими? Ёки савдо бекор бўлиб, пул фуқарога қайтариладими?

Бу ёғини вақт кўрсатади. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид