Жамият | 18:56 / 29.10.2025
6425
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ёш эр-хотин бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди

Ғаллаорол туманидаги Тозауруғ маҳалласида ёш эр-хотин уйда ўлик ҳолда топилди. Маҳалла раиси хонадонда газ портлагани ҳақидаги хабарларни рад қилиб, ҳозирда келин-куёвнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланганини билдирди. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш учун ишчи гуруҳ тузилган.

Ижтимоий тармоқларда Ғаллаорол туманида уйда газ портлагани ва бунинг оқибатида ёш эр-хотин ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритди.

Ғаллаорол тумани ҳокими 2025 йил 28 октябрда ушбу бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш учун ишчи гуруҳ тузиш ҳақида фармойиш қабул қилган. Ҳужжатда туманнинг Тозауруғ қишлоғида яшовчи Э.С. хонадонида 25 октябр куни соат 6:50 ларда бахтсиз ҳодиса содир бўлгани, бу унинг 2004 йилда туғилган ўғли С.Р. ҳамда 2006 йилда туғилган келини Ю.Р. билан боғлиқлиги келтирилган.

Фармойиш билан тузилган ишчи гуруҳ таркибига туман ҳокими ўринбосари, ФВБ бўлими раҳбари ўринбосари, “Ғаллаорол тумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси ва бошқалар киритилган. Ишчи гуруҳга бахтсиз ҳодисани 15 кун муддатда атрофлича ўрганиб чиқиш ва белгиланган тартибда далолатнома тузиш топширилган.

Kun.uz Тозауруғ маҳалласи раиси Арслон Маматов билан боғланиб, ҳолат бўйича изоҳ сўради. Маҳалла раиси уйда газ портлаганини рад қилди.

“Ҳозирча экспертиза хулосасини кутяпмиз. Газданми ёки озиқ-овқатданми, аниқ эмас ҳали. Портлаш бўлгани йўқ. Таъзия бўлган куни мутахассислар билан бориб, текшириб кўрдик: хонадонда портлаш ёки бошқача ҳолатлар кузатилмаган, газ тармоғини ҳам кўрганмиз. Уйнинг ташқи ёки ички қисмига шикаст етмаган”, дейди маҳалла раиси.

Ҳозирча ҳолат юзасидан расмий маълумот берилмади. 

Мавзуга оид