Иқтисодиёт | 14:34 / 29.10.2025
2631
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва ASEAN эркин савдо бўйича келишувни кенгайтирди

Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (ASEAN) эркин савдо бўйича келишувни кенгайтирди. Энди у рақамли ва «яшил» иқтисодиёт ҳамда бошқа тармоқларни қамраб олади ва қисман Трампнинг божларига жавоб сифатида қабул қилинди.

Фото: Hasnoor Hussain/Pool/REUTERS

Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (ASEAN) ўзининг эркин савдо бўйича келишувини кенгайтирди. Ҳужжатга давлат ва ҳукумат раҳбарлари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда имзо чекди, деб хабар беради Reuters агентлиги 28 октябр куни. Келишувнинг янги версияси рақамли ва «яшил» иқтисодиётни, шунингдек, бошқа янги тармоқларни қамраб олади.

Reuters ёзишича, Пекин шу тариқа минтақадаги мавқеини мустаҳкамлашни истайди, шартномани кенгайтириш ҳақидаги қарор эса АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган импорт божларига жавоб ҳам бўлди. Шу билан бирга, ХХР ва ASEAN мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 2024 йилда 771 миллиард долларга баҳоланди. «Биз савдо ва инвестицияларни либераллаштиришни тезлаштиришимиз, шунингдек, саноат интеграцияси ва ўзаро боғлиқликни кучайтиришимиз керак», — дея агентлик Хитой давлат кенгаши бош вазири Ли Цяннинг сўзларини келтиради.

1967 йилда ташкил этилган ASEAN таркибига Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Бруней, Ветнам, Лаос, Мянма ва Камбожа киради. 2025 йил 26 октябрда ассоциацияга Шарқий Тимор ҳам қўшилди.

«3.0-версия» деб номланган келишув Хитой ва ASEAN ўртасида савдо тўсиқларини камайтириш ва таъминот занжирларини мустаҳкамлашга қаратилган. Reuters эслатишича, бу масала бўйича музокаралар 2022 йил охирида бошланган эди.

Шунга қарамай, томонлар ҳамкорлиги Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий низолар туфайли Пекиннинг ассоциацияга аъзо айрим давлатлар билан муносабатларидаги қийинчиликлар сабаб мураккаблашмоқда. Низолар Ҳаагадаги арбитраж суди 2016 йилда ХХРнинг баҳсли ҳудудларга нисбатан ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарганига қарамай давом этмоқда. Хусусан, 2025 йил 27 октябр куни Филиппин президенти Фердинанд Маркос — кичик мамлакатлар ўртасидаги қатор тўқнашувлардан сўнг минтақада Хитойнинг ҳаракатларини танқид қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид