Жамият | 19:10 / 29.10.2025
25658
8 дақиқада ўқилади

Ёпиғлиқ қозон: Қизларига кўз олайтирган ўгай оталар ҳақида икки ҳикоя

Ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган 9 яшар қиз тергов хонасида “укаларинг кўчада қолади” деб қўрқитилган. 68 ёшли "ота" эса кекса одам, дея ҳимоя остида. Kun.uz суҳбатлашган оналар вояга етмаган қизлари бошидан кечирган даҳшатлар ва ўзларининг иложсизликдаги изтиробларини сўзлашди. Ўз қизларига кўз олайтирганларнинг бири болаларни ҳимоя қилувчи “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида ишлаган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Чора кўрилмаган ҳар бир рақам — тирик бола. Тирик фожиа. Ва бу фожиалар ортида айбдор фақат зўравон эмас — уни ҳимоя қилиб турган тизим ҳам бор. Охирги вақтда юзага чиққан Наманган ва Оҳангаронда ёш болаларнинг педофил қурбонига айланиши жамоатчиликни ларзага келтирди. Аммо оилаларда юз бераётган ва яширин қолаётган воқеалар кўплиги хавотирли. Бу кўрсатувимиз айнан ўз уйида ўз яқинлари томонидан хўрланаётган болалар ва уларни ҳимоя қилолмаётган тизим ҳақида.

1-ҳолат: Тошкент вилояти, Нурафшон

Нигора Россияда ишлайдиган эрининг у ерда оиласи борлигини билгач турмушдан ажрашган ва йиллар ўтиб бир қизчаси билан бошқа турмуш қурган. Ҳозир у тўрт фарзанднинг онаси ва 2-гуруҳ ногирони. Ҳали 9 га тўлмаган катта қизи бир неча йилдан бери ўгай ота томонидан жинсий тегажоғликка учраб келган.

“Ички ишларга мурожаат қилганимизда ҳам Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова шахсан қизим билан гаплашди. Мен буни кўтара олмасдим (ногиронлик сабабли), чиқариб юбориб гаплашишди. Ва маълум бўлдики, бола ҳақиқатан ҳам зўравонликка учраган. Чунки у 9 ёш эди, бола кўрмаган нарсасини бундай тасвирлай олмайди, жинсий ҳаётни бошдан ўтказмаган дейилди. Лекин бола 9 марта тергов қилинганда ҳам бирор марта психолог чақирилмади. Қизим гапира олмайди, эркакдан қўрқади. Шунда менинг хатойим аёл терговчи сўрадим. Шунда улар аёл терговчи жалб қилишди, аммо кейинчалик билсам у терговчи эмас, хатлар бўлимида ишлайдиган аёл экан. Шундан кейин эримнинг адвокати “терговга алоқаси йўқ одам тергов қилди” деб бутун бошли қилинган ишларни йўққа чиқарди”.

1-мурожаатда эркак қамоққа олинади. Аммо тергов жараёнида бола билан ишлаш учун психолог жалб қилиш талаби инобатга олинмайди ва бу эркак фойдасига ишлайди. Қамоқдан озод қилинган ва бундан хулоса чиқармаган эркак бу жиноятини яна давом эттиради. Энди қурбонлар 2 та бўлаётган эди. У ўзининг қизига нисбатан ҳам шундай ҳаракатлар қилаётган эди. Синглисининг ҳам ўзи каби қурбон бўлишини истамаган қизча онасига буни айтади.

“Мен судларнинг ишидан жуда норозиман. Болани тергов қиляпти, яна психологсиз қилиняпти. Аслида вояга етмаган бола бир марта тергов қилинади ва тергов мустаҳкамланади. Бола қайтиб безовта қилинмаслиги керак.

Психолог бола билан холи гаплашганда бола ҳақиқатан зўравонликка учраганини маълум қилди. Ҳайрон қолаётганим, тергов хонасида бизга терговчи “ёпиғлиқ қозонни ёпиғлиқ қолдириш” кераклигини айтяпти. Қизимга эса 3 укаси етим қолишини айтиб қўрқитяпти. Терговчи хулосани шундай берганки, 119-модда бўйича экспертизада боланинг танаси тоза эканлиги айтилди. Орадан 1,5 йил ўтгандан кейин танада қандай ҳолат бўлиши мумкин? Лекин мен СамПИга олиб борганимда шифокор кўрганида қизимнинг жинсий органида қизаришлар борлигини айтган. Мен уни аудио тарзда ёзиб олганман, аммо хулоса олмаганман”.

Эркак “Инсон” ҳимоя маркази ходими бўлган ва айни пайтда ишдан бўшатилган. Яъни бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ишламоғи керак бўлган тизимдаги шахс боланинг ҳуқуқини поймол қилиб келган. Аёлнинг мурожаатлари ва тергов натижалари эса ҳамон сўроқ остида.

2-ҳолат Тошкент вилояти, Янгийўл тумани

2-ҳолатда ҳам шунга ўхшаш воқеа. Анора ҳам бир қизчаси билан ёлғиз қолиб 2 марта ўзидан ёши катта инсон билан турмуш қурган. Бу жиноят ҳам Тошкент вилоятида юз берган ва зўравон 68 ёшли ўгай ота. Аёл кета олмайди — чунки эр унинг номига катта миқдорда кредит чиқарган, молиявий ва ҳуқуқий қулликнинг классик схемаси. 7 марта ҳимоя ордерини бузган зўравон — ҳали ҳам озод. Ва энг қизиғи ҳуқуқ идораси вакиллари унинг ёши катталигини инобатга олиш лозимлигини уқтиришмоқда.

“У доимий равишда бу ишни қилиб келган, қизим менга айтолмаганининг сабаби – менга пичоқ кўтариб таҳдид қиларди, кўп зўравонликлар қиларди. Шундан қўрқиб буни айтмаган. Эрим эса олдиндан уни тайёрлаб борган, қараса онасига айтмаяпти, жанжал чиқмаяпти, демак қизга очиқчасига қиламан деган.

Болалар омбудсманига, Ижтимоий ҳимоя агентлигига мурожаат қилдим. Охирги жанжалда бошимни ёрди “иккалангниям ўлигинг чиқади бу уйдан” деб. 102 га телефон қилдик. Шунда бизга ҳимоя ордери беришди. Шунда қизимдан ҳам кўрсатмалар олишди, экспертиза тайинланди. Лекин бошим ёрилгани ва тан жароҳатлар бўйича маъмурий жазо қўлланди. Унда 1 млн 400 минг, менга 500 минг жарима қўйилди – уйда жанжал кўтарганим, ёши катта инсонга ҳурматсизлик қилганим учун. Лекин қизимга қилинган зўравонликлар далилларини ҳаммасини ИИБ ходимига берганман. Буларни судга тақдим қилмаган. Ўша маъмурий жазодан кейин эрим 2-3 ой ичида ҳимоя ордери талабларини 7 марта бузди.

Қизимга нисбатан зўравонлик бўйича 129-модда билан жиноий иш очилди. Мен боламнинг шаъни учун курашяпман. 13 яшар қизим стрессда, қўрқоқ бўлиб, бировга бирор маълумотни тўлиқ гапира олмайдиган бўлиб қолган, дудуқланиб қолган”.

2 ҳолатда ҳам воқеаларни боғловчи нуқта — ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тизимнинг ўзида зўравонликнинг қўллаб-қувватланаётгани. Терговнинг суст ва қонун доирасида олиб борилмаслиги зўравонлар фойдасига ишламоқда. Улар эса бундан янада руҳланиб гўдакларга ваҳшийликда давом этишяпти.

Иккала ҳолатда ҳам қонун ҳимоячилари зўравонларни ҳимоясига олган каби гўё. Бирида укалари кўчада қолиши уқтирилиб аризадан воз кечишни тўғридан тўғри тергов хонасида айтишаётган бўлишса, 2-сида ёши катта инсонлигини инобатга олиб ёпиғлиқ қозонни ёпиғлиқ қолдиришни исташмоқда. Улар кимни ҳимоя қилишаётганига ҳайратланмай илож йўқ.

Қўл учида қилинган тергов, овора-ю сарсон қилинган оналар, ҳуқуқлари ва тақдирлари топталаётган болалар – бизнинг бугунги оғриқларимиз.

Тасаввур қилинг: бу икки она фақат бир одам – маҳалла инспектори ёки терговчи эмас, бутун тизимнинг қаршисида ёлғиз қолишган. Ва бу тизим ҳануз “мурожаат келди – қайд этдик – тергов кетяпти” деган бюрократик сценарийдан нарига ўта олмаяпти. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлдим, 2-мурожаат юзасидан айблов хулосаси тайёрлигини айтган терговчи аёл билан гаплашишни ҳам истамасдан хулоса йўқлигини айтди.

Шу ўринда бир савол туғилади: бу ҳолатларда ўз вазифасини бажармайдиган инспектор, терговчи, судья ҳам жавобгарликка тортиладими? Воқеалар юзасидан тегишли ташкилотлардан муносабатлар кутамиз.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид