Спорт | 22:12 / 30.10.2025
5528
1 дақиқада ўқилади

«Аркадаг» қаторасига учинчи йил очко йўқотмасдан Туркманистон чемпиони бўлди

Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов шарафига номланган клубни ички аренада ҳеч ким мағлуб этолмаяпти.

Фото: turkmenistan.gov.tm

«Аркадаг» футбол клуби кетма-кет учинчи марта Туркманистон чемпионатида муддатидан олдин ғолиб чиқди.

Жамоа 27 октябрь куни Юқори Лиганинг 23-тур ўйинида асосий таъқибчиси «Аҳал»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва турнир тугашига тўрт тур қолганида навбатдаги чемпионликни қўлга киритди.

«Аркадаг» 2023 йил баҳорида ташкил этилган бўлиб, шу номдаги янги шаҳар шарафини ҳимоя қилади. Бу ном (Аркадаг, Орқатоғ) Туркманистоннинг иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг унвони ҳисобланади. Клуб ташкил этилганидан кейин дарҳол Туркманистоннинг энг кучли футболчиларини жамлади. Шу сабабли ички аренада чемпионат ўйинларида ҳам, кубок ўйинларида ҳам бирор марта мағлуб бўлмаган. Клуб ўзи иштирок этган барча расмий турнирларда ғолиб чиқди - уч марта мамлакат чемпионати ва кубоги, икки марта Суперкубок.

Шунингдек, халқаро майдонда ОФК Чақирув лигасида ҳам ғалаба қозонди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид