Жаҳон | 14:46 / 30.10.2025
4347
3 дақиқада ўқилади

Германияда яна икки махфий хонадан жанговар қуроллар топилди

Уч кун олдин Ремшайд шаҳрида полиция жанговар қурол-яроғ омборини мусодара қилган эди. Кейинги кунларда худди шу уйда қуроллар сақланган яна икки яширин хона топилди.

Фото: wuppertal.polizei.nrw

Германиянинг ғарбидаги Ремшайд шаҳрида катта миқдорда қурол мусодара қилинганидан сўнг, тергов жараёнида худди шу бинонинг ичида яна икки махфий хона аниқланди, уларда жуда кўп сонли ўқотар қуроллар, ўқ-дори, портловчи моддалар ва миналар топилди. Бу ҳақда Вуппертал прокуратураси ва полициясининг 28 октябр ва 29 октябр кунлари эълон қилинган қўшма баёнотларида айтилган.

Бино режасини ўргангандан кейин аниқланган яширин хоналардан бирининг эшиги сейф ортида бўлгани, у яширин механизм орқали очилгани фош этилди. Иккинчиси витрина ортида жойлашган. У ерда оптика ва suppressor (глушител)лар ўрнатилган жанговар милтиқлар, пулемётлар, автоматлар ва бошқа қуроллар, шунингдек, ўқ-дорилар қутиси, детонаторлар, кўздан ёш оқизувчи газ гранаталари ва бошқа жиҳозлар сақланган.

Эркинликдан маҳрум этиш ишлари бўйича криминал бошқарма мутахассислари қуроллар ишлаш ҳолатида эканини аниқлади. Сапёрлар граната, мина ва ўқ-дориларни назоратли портлатиш ишларини олиб бормоқда.

Қурол савдоси билан шуғулланган, деб гумон қилинаётган шахсларга қарши илк полиция операцияси 26 октябр куни ўтказилган. Асосий уч нафар гумонланувчи — 34, 37 ва 59 ёшдаги шахслар қамоққа олинди. Улар, жумладан, жанговар қурол билан тижорат асосида ва уюшган ҳолда савдо қилганликда гумонланмоқда. Айби исботланса, уларни ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кутмоқда.

Қурол сотувчиларининг мижозлари ким бўлгани ҳақида терговчилар ҳозирча маълумот бермаяпти.

Қўлга олишлардан олдин узоқ давом этган тезкор тадбирлар ўтказилган. Ремшайдда қурол сотувчиси ҳақида илк маълумотлар 2024 йил май ойида пайдо бўлган. Сўнг терговчилар бу “халқаро миқёсдаги иш” бўлиши мумкин, деган гумонга келганини прокуратура вакили Волф-Тилман Баумерт журналистларга маълум қилди. Тергов кенгайтирилди ва Европол иштирокида олиб борилди. 2024 йил сентябр ойида тезкор ходимлар гумонланувчилардан бир неча марта синов тариқасида қурол сотиб олиш амалиётларини ўтказган.

Жами 11 та тинтув ўтказилди — Ремшайддан ташқари Хамм (иккаласи ҳам Шимолий Рейн—Вестфалия федерал ерида) ва Тюрингиядаги Боркслебенда. Операцияга 200 дан ортиқ ходим, шу жумладан, махсус тузилмалар жалб этилди. Тергов ва мусодара қилинган қуролларни экспертиза қилиш ишлари давом этмоқда. Тинтувлар давомида, шунингдек, наркотик моддалар ва нақд пул ҳам олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид