Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия доллар миллиардерлари сони бўйича Буюк Британия билан тенглашди
Россиялик миллиардерлар сони 128 га етди, уларнинг умумий бойлиги 457 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Фото: Ведомости/ТАСС
2024 йил якунларига кўра, Россия доллар миллиардерлари сони бўйича Буюк Британияга етиб олди ва 128 кишилик кўрсаткич билан дунёда тўртинчи ўринга чиқди, дейилади Altrata компанияси (.pdf) ҳисоботида.
Шу билан бирга, энг бой россияликларнинг умумий бойлиги 469 миллиард доллардан 457 миллиард долларгача камайди, гарчи уларнинг сафига яна олти киши қўшилган бўлса ҳам. Британиялик миллиардерларнинг умумий капитали 323 миллиард долларни ташкил этди.
Дастлабки икки ўринни ҳамон АҚШ ва Хитой эгаллаб турибди. Бу мамлакатларда мос равишда 1135 ва 321 миллиардер яшайди. АҚШда уларнинг сони 85 кишига кўпайиб, умумий капитали 5,74 триллион долларга етди. Хитойда кўрсаткичлар камроқ: 1,29 триллион доллар ва яна 17 миллиардер. Кучли учликни Германия якунламоқда, у ҳам ўта бой одамлар сони 184 кишидан 170 кишига (умумий бойлиги - 703 миллиард доллар) қисқарганига қарамай, ўз мавқеини сақлаб қолди.
Топ-15 таликдан, шунингдек, Ҳиндистон, Швейцария, Ҳонконг (Хитойдан алоҳида ҳисобга олинган), Франция, Италия, Саудия Арабистони, Канада, Сингапур, Бразилия ва БАА жой олди. Шу билан бирга, Европада миллиардерлар сони биринчи марта 1000 кишилик чегарадан ошди.
Oxfam халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёдаги барча ўта бой одамларнинг умумий капитали 2 триллион долларга ошиб, 15 триллион долларга етган. Уларнинг умумий сони 2769 кишини ташкил этди (ўтган даврга нисбатан +204).
Bloomberg Billionaires Index (BBI) рейтингига кўра, ҳозир энг бой россияликлар «Интеррос» холдинги ва «Норильский никель» кон-металлургия комбинати президенти Владимир Потанин (29,5 миллиард доллар), «Северсталь» асосчиси Алексей Мордашов (28,1 миллиард доллар) ва «Лукойл» эгаси Вагит Алекперов (25,7 миллиард доллар) ҳисобланади. BBI рейтингида жами 20 нафар россиялик миллиардер, жумладан, Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ҳам бор. Унинг бойлиги 14,7 млрд долларга баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
15:46 / 04.12.2025
Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди
14:59 / 04.12.2025