Жаҳон | 15:43 / 31.10.2025
5346
4 дақиқада ўқилади

Ғазодаги вазият: Асирлар қайтарилди, энди Исроилнинг қўли ечилдими?

АҚШ кафолати остида катта тантана билан эълон қилинган сулҳ 1-босқичдаёқ боши берк кўчага кириб қолгандек кўринмоқда. Исроил Ҳамасни сулҳбузарликда айблаб, оташкесим бошланганидан бери юздан ортиқ фаластинликни ўлдиришга улгурди. Вазият юзасидан Kun.uz студиясида профессор Фарҳод Каримов ва Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Умрбек Юсупов шарҳи.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарҳод Каримов: Исроил ўз ҳужумларини гўёки Ҳамас томонидан сулҳ шартлари бузилгани билан боғламоқда. Ҳамас жасадларнинг ҳаммасини ҳам топширмагани ёки айрим жасадлар бошқа одамларга тегишли деган важлар илгари суриляпти. Ғазода Исроил аскари снайпер ҳужумига учрагани ҳам сабаб қилиб кўрсатиляпти.

Икки йиллик уруш давомида Ҳамас генераллари ва етакчилари йўқ қилинди, шаҳар инфратузилмаси вайрон қилинган. Бунча вақт мобайнида, уруш шароитида жасадларни бир жойда сақлаш ҳам Ҳамас учун жиддий муаммо бўлган. Ҳозир улар ўлган асирларнинг жасадларини топишга ҳаракат қиляпти, лекин буни қанчалик уддалаши сўроқ остида. Чунки туннеллар вайрон қилинган, ҳарбий омборхоналар ва йирик касалхоналар йўқ қилинган. Исроил эса бу вазиятни ўз фойдасига ишлатмоқда ва ҳарбий ҳаракатларни қайта тиклаш учун имконият яратмоқда.

Сулҳ тузилишида мусулмон давлатлардан Туркия ва Қатар воситачи эди, улар Ҳамасни сулҳ шартларига рози қилишга ва музокараларга жалб этишга масъул эди. Шу билан бирга, Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини кафолатлаш вазифасини ҳам бажарди. Лекин Исроил ҳужумларини тўхтатишга улар кафиллик бермаган. АҚШ эса, Исроил каби Ҳамасни шартларни бажармаганликда айблаб, Исроилнинг жавобини қўллаб-қувватлаяпти.

Шундай экан, ҳатто 10 ой кутилса ҳам, Ҳамасда жасадларни топиб бериш имконияти ноаниқ. Шу сабабли, Исроил бу вазиятни ўз фойдасига манипуляция қилиши мумкин. Ҳозир Исроил учун ички босим камайган, чунки тирик асирларни қайтариш масаласи ҳал бўлган ва ҳукуматга деярли босим йўқ. Шу боис, Исроил ҳар қандай ҳарбий операцияни маълум шароитда эркин амалга оширишга қодир.

Умрбек Юсупов: Ғазодаги вазият айни пайтда жуда мураккаб. Ўтган суҳбатимизда айтганимдек, биринчи босқич жуда мўрт эди. Иккинчи босқичга ўтиладими-йўқми, бу биринчи босқичнинг қандай бажарилишига боғлиқ. Исроил сулҳ бошида асирлар рўйхатини бекорга эълон қилмади; уларни бирма-бир эълон қилиб, ҳеч қаерига зарар етказмасдан, охиригача етказиш талабини қўйган. Ҳамас бунга рози бўлган. Бунда, Исроил биринчи босқич охирига етказилмаслигини олдиндан ҳисобга олган, деб ўйлайман.

Бир мерган бир Исроил аскарини ўлдириши, Исроилнинг жавоб ҳаракатлари ва Трампнинг бу жавобни легитимлаштириши сулҳнинг давом этишини мураккаблаштиради ва яна урушга йўл очади. Шунинг учун неча маротаба келишув бўлса ҳам, Исроил баҳона топиб урушни бошлашга ҳаракат қилиши мумкин. Асосий масъулият Америка Қўшма Штатлари зиммасида қоляпти: улар Исроилнинг адвокати эмас, холис ҳакам бўлиши керак.

Мавзуга оид