Соғлом ҳаёт | 13:02 / 31.10.2025
2816
4 дақиқада ўқилади

Мактаб сумкасининг оғир бўлиши бола соғлигига қандай таъсир қилади?

Таълим жараёнининг интенсивлашуви, планшет, ноутбук каби қўшимча ўқув материаллари, телефон сингари шахсий буюмларнинг кўпайиши натижасида мактаб болалари ҳар куни сезиларли даражада оғир жисмоний юк кўтаришмоқда. Бу ҳолат фақатгина қисқа муддатли чарчоқ билан чекланмай, умуртқа поғонаси эгрилиги, мушак-скелет тизими зўриқиши ва хроник оғриқлар каби узоқ муддатли оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Ушбу мақолада мактаб сумкаси ҳажми қанча бўлиши ва унинг меёрдан ортиқ оғирлиги ўсмир танасига қандай таъсир қилиши ҳақида сўз боради.

Фото: REUTERS

Педагогик майдонда рақобатнинг кучайиши, дарсликлар ҳажмининг ортиши, электрон қурилмалардан фойдаланиш кенгайиши ва қўшимча таълим ресурсларига бўлган талабнинг ошиши болалар мактаб сумкасига солинадиган материаллар сонини кўпайтиряпти. Хусусан, ўқувчилар ўз сумкасида бир нечта оғир китоблар, дафтарлар, планшет ёки ноутбук, шунингдек, бошқа шахсий буюмлар кўтариб, дарсга келиб-кетишга мажбур.

Педиатрия ва ортопедия бўйича ўтказилган тадқиқотларда таъкидланишича, болалар соғлиғига бевосита таъсир қилувчи омиллар қаторида мактаб сумкасининг вазни алоҳида эътибор қаратилиши лозим саналган масала эканлиги таъкидланган. Америка Педиатрлар академияси (ААП) тавсияларига кўра, мактаб сумкасининг вазни боланинг тана вазнининг 10% идан ошмаслиги зарур. Бошқа тадқиқотлар эса юқори синф ўқувчилари учун бу кўрсаткични 12-13% гача деб белгилайди.

Маълум қилинишича, бошланғич синф ўқувчилари (1–4-синф) учун сумка оғирлиги бола тана вазнининг 10% идан кўп бўлмаслиги керак. Масалан, 30 кг вазнли бола 3 кг гача бўлган оғирликдаги сумкани кўтариши нормал ҳолат. Ўрта ва юқори синф (5–11-синф) ўқувчилари учун эса мактаб сумкаси оғирлиги бола тана вазнининг 12–15% игача тенг ҳажмда бўлишига рухсат этилади.

Мактаб сумкаси оғирлигининг мазкур мезондан ошиши бола умуртқасига ортиқча босим тушишига сабаб бўлиб, бўйин, елка, бел соҳаларида таранглик, қоматнинг эгилиши ва сколиоз (умуртқа поғонасининг ён томонга қийшайиши билан кечадиган ортопедик ҳолат) хавфини оширади.

Биомеханик жиҳатдан қараганда, сумка оғирлиги ортганда бола танаси мувозанатни сақлаш учун олдинга эгила бошлайди. Оқибатда, умуртқа бўйлаб жойлашган, уни ушлаб турувчи ва ҳаракатга келтирувчи (паравертебрал) мушакларда компенсатор кучланиш юзага келади, бу эса мушак спазмлари, чарчоқ, ҳолсизликка сабаб бўлади.

Тадқиқотлар оғир юк кўтаришга мажбур бўлган болаларда ўпка вентиляцияси ва жисмоний чидамлиликнинг сусайиши кузатилганини кўрсатади. Шунингдек, мазкур жараён қўлларда увишиш ва уйқусираш симптомларини юзага келтириши мумкин.

Психологик жиҳатдан ҳам ортиқча юкнинг салбий таъсири мавжуд. Оғир сумка кўтарадиган болаларда тез чарчаш, ўқишга мотивациянинг сусайиши, эътибор ва когнитив фаолиятнинг тарқоқлиги қайд этилган. Бу физиологик чарчоқнинг руҳий ҳолатга таъсири билан изоҳланади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, болаларнинг суяк ва мушак тизими мактаб даврида шаклланиш босқичида бўлади. Шу боис мазкур пайтда ортиқча юк кўтариш скелет деформациялари, умуртқа поғонаси ва унга боғлиқ бўғим, мушак, нерв ҳамда тўқималарнинг нормал ишлаши бузилиши, сурункали оғриқ синдромлари каби узоқ муддатли салбий оқибатларни кучайтиради.

Шу нуқтаи назардан, қуйидаги профилактик чоралар тавсия этилади:

  • белгиланган нормадан оғир сумка кўтармаслик;
  • қаттиқ ва қулай, елкаларга босим бермайдиган кенг тасмалик сумкалардан фойдаланиш;
  • сумкани икки елкада тақиш;
  • китоб ва дафтарларни кунлик дарс жадвалига мувофиқ тартибга солиш;
  • мактабларда шахсий шкафлар ёки ўқув хоналарида қўшимча дарсликлар тизимини йўлга қўйиш зарур.

Диёрахон Набижонова

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид