Жаҳон | 09:06 / 03.11.2025
1456
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Энергетика вазирлиги субкритик ядровий синовлар ҳақида маълум қилди

Энергетика вазирининг айтишича, АҚШ ядровий қурол қисмларини синайди, аммо ҳозирча атом бомбаларини портлатиш режалаштирилмаган. Вашингтон ядровий қурол таркибий қисмлари “тегишли геометрияни таъминлашини” аниқлашни истайди, деди у.

Крис Райт Фото: Mandel Ngan/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трампнинг топшириғига биноан ўтказиладиган ядровий қурол (ЯҚ) синовлари ҳозирча атом бомбаларини портлатиш билан кечмайди. Бу ҳақда АҚШ энергетика вазири Крис Райт 2 ноябр куни Fox News телеканалидаги The Sunday Briefing дастурида айтиб ўтди.

«Менимча, ҳозир гап кетаётган синовлар — бу тизимли синовлар», — деди у. «Бу — ядровий портлашлар эмас. Биз буни субкритик (портлашсиз) синовлар деймиз», — дея қўшимча қилди вазир.

Сўз субкритик синовлар ҳақида бормоқда — яъни синовлар ядровий қуролнинг бошқа барча қисмларини қамраб олади ва уларнинг ишлаши ҳамда детонацияни келтириб чиқара олиш-олмаслигини текширишга имкон беради, деди Райт. АҚШда бундай синовлар учун шу вазирлик жавобгар.

Унинг таъкидлашича, синовлар янги тизимларда ўтказилади ва уларнинг амалдаги тизимларга нисбатан самарадорлигини кафолатлашга қаратилган.

Невада штатидаги синов полигони яқинида яшовчилар «қайси бир пайтда зангсимон булут пайдо бўлишини кутса бўлади?» деган саволга Райт: «Йўқ, бу ҳақда хавотирланмаслик мумкин», — деб жавоб берди.

«Фан ва ҳисоблаш қудрати туфайли биз ядровий портлашда нима бўлишини ажойиб аниқлик билан моделлаштира оламиз», — дея унинг сўзларини келтирди Reuters. «Ҳозир биз ана шундай натижани таъминлайдиган шароитларни моделлаяпмиз ва бомба конструкциясини ўзгартирар эканмиз, бу қандай оқибатларга олиб келишини кўряпмиз», — деди Крис Райт.

АҚШ президенти Доналд Трамп бундан олдин Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни буюрганини айтган эди. «Бошқа давлатлар синов дастурларини олиб бораётгани учун мен мудофаа идорасига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни топширдим. Бу жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди у 30 октябр кечаси Truth Social ижтимоий тармоғида.

АҚШ 1992 йилдан бери тўлиқ қувватли ядровий қурол синовларини ўтказмаган. Вашингтон 1996 йилдаги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш шартномасини имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Шундан бери АҚШ Невада полигонида еростида субкритик ядровий синовлар ўтказиб келган.

Москва сўнгги марта 1990 йилда, СССР даврида ядровий синов ўтказган. Россия Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш шартномасини имзолаб, ратификация қилган, аммо 2023 йилда имзосини қайтариб олган. Ундан аввал АҚШ РФни мораторийни бузишда айблаб келган.

Сўнгги кунларда Россия президенти Владимир Путин аввал ядровий энергетик қурилмага эга «Буревестник» қанотли ракетаси, сўнг ядровий энергетик қувватли «Посейдон» сувости пилотсиз аппарати синовлари ҳақида баёнот берди. Бироқ Россия ядровий қуролнинг ўзи синовдан ўтказилганини расман эълон қилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид