Ўзбекистон | 11:20 / 03.11.2025
1706
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 35 нафар болани Россиядан қайтарди

Россия ҳудудида она-ота қаровисиз, назоратсиз ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган 35 нафар ўзбекистонлик вояга етмаган бола ватанга қайтарилди. Жараён элчихона, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ иштирокида амалга оширилди.

Фото: "Дунё" АА

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, ишчи гуруҳ аввало Санкт-Петербург, Челябинск ва Москва шаҳарларида назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволда бўлган 16 нафар болани аниқлади ва уларнинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашди. Шунингдек, Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Нижний Новгород, Хакасия, Москва вилояти, Маҳачқалъа ва Новосибирскдан яна 19 нафар ота-она қаровисиз қолган боланинг юртга қайтиши таъминланди.

Вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш, қайтариш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда бошқа ташкилий масалалар Россия Федерациясининг ваколатли органлари билан ҳамкорликда ҳал этилди.

Элчихона ва масъул идоралар томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар Ўзбекистон фуқаролари, айниқса болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид