Жаҳон | 15:02 / 03.11.2025
2622
3 дақиқада ўқилади

Теҳрон: Россия Эронда яна саккизта янги АЭС қуради

Эрон яна бир бор Россия мамлакат ҳудудида саккизта янги атом электр станцияси (АЭС) қуришини маълум қилди. Москва бу маълумотни расман тасдиқламаган. Теҳрон режасига кўра, Эрон АЭСнинг умумий қуввати 20 000 МВтга етказилади — бу деярли РФ даражасига тенг.

Фото: Abedin Taherkenareh/dpa/picture alliance

Эрон ва Россия ҳукуматлари Эрон ҳудудида саккизта АЭСни биргаликда қуриш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда 2 ноябр куни Эрон Атом энергияси ташкилоти (ЭАЭТ) раҳбари ва вице-президент Муҳаммад Эсламига таяниб, Tasnim агентлиги хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, тўртта АЭС Форс кўрфазидаги Бушҳир жанубий вилоятида, яна тўрттаси эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларида барпо этилади. Эслами яқинда Каспий денгизи бўйидаги Гулистон вилоятида янги АЭС қурилиши бошланганини ҳам эслатди.

Янги станциялар ишга тушганидан кейин Эрон атом энергетикасининг умумий қуввати 20 000 МВтга етказилиши керак, деди вице-президент. Таққослаш учун: Росстат маълумотларига кўра, Россиядаги барча АЭСнинг умумий қуввати ҳозирда 28 639 МВтни ташкил қилади.

26 сентябр куни ЭАЭТ Теҳрон ва Москва қуввати тахминан 1255 МВт бўлган учинчи авлод тўртта энергоблок қуришга келишганини маълум қилган эди. «Росатом» бу маълумотга изоҳ бермади. Эрон учун саккизта янги АЭС ҳақидаги маълумотни Москва ҳам тасдиқламаган, аммо Эслами бу ҳақда олдин ҳам айтганди.

2 ноябр куни Теҳронда Эрон 2025 йил июн ойида Ислом Республикасига Исроил ва АҚШ зарбалари натижасида зарар етказилган ядровий объектларни тиклаши ҳам билдирилди. Бу ҳақда президент Масъуд Пезешкиёнга таяниб, Эроннинг ISNA агентлиги хабар берди.

Пезешкиённинг айтишича, ҳукумат ядровий саноатнинг тинч мақсадларда ривожланишини «комплекс ва қатъий равишда» қўллаб-қувватлайди ва Эроннинг ядровий объектлари «янада кучлироқ ва қатъийроқ ҳолда» тикланади.

У тинч ядровий дастур мисоллари сифатида радиофармацевтика препаратлари, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ядровий технологиялар қўлланишини санаб ўтди. Пезешкиён таъкидлашича, «ядровий қурол яратиш режалар ичига кирмайди», «душман пропагандаси эса “ядровий” сўзини атайлаб атом бомбаларини яратиш билан боғлаяпти».

«Афсуски, бу ютуқларни намойиш этиш ва душман пропагандасига қарши туришда бепарволик қилдик. Бу маҳсулотларни халқаро миқёсда илгари суриш ва сотиш учун самарали механизм яратиш зарур», — деди президент.

Ҳукумат вакили Фотима Мучираний 2 ноябр куни Эрон ядровий дастури бўйича музокараларни қайта бошлаш ҳақида таклиф олганини билдирди. У манба ва таклиф тафсилотларини очиқламади, кейинроқ маълум қилишини айтди, деб ёзади Эроннинг Mehr агентлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид