Технология | 11:18 / 04.11.2025
3714
4 дақиқада ўқилади

Apple iOS 26.1 версиясини чиқарди. Нима янгиликлар бор?

Apple ўзининг барча тизимлари учун янгиланиш чиқарди — iOS 26.1, iPadOS 26.1, macOS 26.1, watchOS 26.1 ва tvOS 26.1 версиялари энди барқарор ҳолатда тақдим этилди.

Фото: Apple

Янгиланишлар барча мос қурилмаларга босқичма-босқич тарқатилаётгани маълум қилинди. iPhone ва iPad эгалари учун энг қизиқарли янгиликлар билан танишинг!

Liquid Glass эффектни созлаш

Apple янги шаффоф ойнасимон дизайнни бир неча марта ўзгартиргач, фойдаланувчиларга уни қўлда бошқариш имкониятини берди.

Энди икки хил услуб мавжуд:

·        “Шаффоф” — аввалги ҳолат;

·        “Бир хил рангли” — кўзга юмшоқроқ кўриниш.

Созлама йўли: Созламалар → Экран ва ёрқинлик → Liquid Glass.

Камера ҳаракатини ўчириш

iOS 26.1ʼда энди блокировка экранида чапга силтаб камерани очиш функциясини ўчириб қўйиш мумкин.

Бу янгилик айниқса iPhone 16 ва ундан янги моделлари учун фойдали, чунки уларда алоҳида Camera Control тугмаси мавжуд.

Будилникни силтаб ўчириш

Энди будилникни ўчириш учун оддий босиш эмас, балки чапдан ўнгга силташ талаб қилинади — бу эски iOS блокировка услубини эсга солади.

Бу ўзгариш фойдаланувчини хатолик билан бутунлай ўчириб қўйишдан ҳимоя қилади.

Apple Musicʼда трекларни силтаб алмаштириш

Энди мусиқа плеерда қўшиқларни осон алмаштириш мумкин:

·        Кейинги трек — чапдан ўнгга силташ,

·        Олдинги трек — ўнгдан чапга силташ.

iPadOSʼда Slide Over қайтади

Энди iPad фойдаланувчилари яна иловани бошқа ойналар устида очиш ва тезда ёпиш имкониятига эга.

Бунинг учун ойнанинг яшил тугмасини босиб туринг ва “Slide Over” режимини танланг.

Apple Intelligence учун янги тиллар

Энди сунъий интеллект функциялари қуйидаги тилларда ҳам ишлайди: дания, голланд, норвег, португал, швед, турк, хитой ва ветнам.

AirPods 4, Pro 2 ва Pro 3 моделлари учун Live Translation функцияси эса энди япон, корейс, италян ва хитой тилларида ҳам ишлайди.

Фон хавфсизлик янгиланишлари

Янги “Background Security Improvements” функцияси орқали тизим муҳим хавфсизлик янгиланишларини фон режимда автоматик ўрнатади.

Агар истасангиз, бу жараённи ўчириб, янгиланишларни қўлда бошқариш ҳам мумкин.

Бошқа майда ўзгаришлар:

·       “Умумий” ва “Махфийлик” бўлимлари сарлавҳалари чапга тексланган.

·       Иш столидаги папка номлари ҳам худди шундай жойлашади.

·       “Телефон” иловаси клавиатураси суюқ шиша эффектига эга бўлди.

·       “Экран ва ёрқинлик” бўлимида энди iOS 26 стандарт обойлари кўрсатилади.

Apple TV иловаси эса янги градиентли иконкага эга бўлди.

Агар сиз iPhone ёки iPad фойдаланувчиси бўлсангиз, iOS ёки iPadOS’нинг янги версиясини текшириш жуда осон:

Янгиланишни текшириш йўли:

1.    Қурилмангизда Созламалар (Settings) иловасини очинг.

2.    Умумий (General) бўлимига киринг.

3.    Дастурий таъминотни янгилаш (Software Update) бандини танланг.

4.    Тизим автоматик тарзда янги версияни текширади — агар iOS 26.1 мавжуд бўлса, у ерда “Юклаб олиш ва ўрнатиш (Download and Install)” тугмаси пайдо бўлади.

Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликлардан биринчилардаy хабардор бўлиш учун KUN.UZ Texnologiya номли Telegram va techno.kun.uz Instagram саҳифасини кузатиб боринг.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид