Ўзбекистон | 10:12 / 05.11.2025
1934
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда “Ақлли шаҳар” тизими босқичма-босқич жорий этилади

Президент раислигидаги 21 октябр кунги видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси доирасида, 1 ноябр куни Чирчиқ шаҳри раҳбарияти Урганчда сунъий интеллект асосида йўлга қўйилган “Ақлли шаҳар” тажрибасини ўрганди. Лойиҳа Чирчиқда босқичма-босқич жорий этилиб, 2026 йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилади.

Фото: Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги

Чирчиқ шаҳар ҳокими М.Абдураҳимов ва ҳоким ўринбосари А.Эрматов Урганч шаҳридаги “Ақлли шаҳар” тизими фаолияти билан танишиб, қатор йўналишларда тажриба алмашди.

Бошқарувни оптималлаштиришда рақамли платформалар орқали шаҳар хизматлари ва қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш кўриб чиқилди.

Коммунал хизматлар соҳасида: носозлик ва муаммоларни 24/7 режимида аниқлаш, тезкор бартараф этиш.

СИ (AI) асосида профилактика бўйича инфратузилмада юзага келиши мумкин бўлган узилишларни олдиндан башорат қилиш ва олдини олиш муҳокама қилинди.

Аҳоли билан мулоқот йўналишида реал вақт режимида мурожаатларни қабул қилиш ва мониторинг қилиш ўрганилди.

Тизим 24/7 режимида ишлаб, аҳоли мурожаатларини онлайн қабул қилади, коммунал соҳадаги муаммоларни тезкор ҳал этишга ёрдам беради. Сунъий интеллект воситалари инфратузилмада эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаб, хавфларни камайтиради.

Ташаббус Чирчиқда замонавий, қулай ва самарали рақамли бошқарув моделини шакллантириш, рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид