Ўзбекистон | 11:03 / 05.11.2025
6839
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги коррупцион вазият таҳлил қилинди — Сенат

Коррупция жиноятлари асосан таълим, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларига тааллуқли. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг вилоятда ўтган сайёр мажлисида айтилди.

Фото: senat.uz

Жорий йил 4 ноябр куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Миллий ва ҳудудий кенгаш аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари, Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Сурхондарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, президентимиз раҳбарлигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятига 2 млрд доллар миқдорида инвестиция жалб этиш, 425 минг аҳолини банд қилиш ва экспорт ҳажмини 320 млн долларга етказиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Шу билан бирга, Сурхондарёда ичимлик сув таъминотини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш йўналишларида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Сўзга чиққанлар коррупциянинг олдини олиш давлат ва жамият ҳаётидаги барча ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайдиган асосий омил эканини таъкидлади.

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда бошқарувнинг янги тизимини жорий этиш бўйича ҳам Сурхондарёга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу боис вилоят ривожи, аҳоли турмуши, кайфияти учун муҳим бўлган энергетика, қурилиш, кадастр каби соҳалардаги ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Ўрганишлар кўрсатганидек, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, қурилишда маблағларни асоссиз сарфлаш, давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатлари учрамоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда коррупцияга оид жиноятлар сони 50 фоизга ортиб, улар асосан таълим, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларига тааллуқли эканлиги қайд этилди.

Миллий кенгаш аъзолари ва мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан ушбу ҳолатларни тизимли таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мажлисда вилоятда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жиноятчиликни камайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Шу билан бирга, оилавий низолар оқибатидаги жиноятларнинг ортиб боргани, бу борада “маҳалла еттилиги” ва ҳуқуқ-тарғибот органлари билан ҳамкорликнинг сустлиги, натижада профилактик ишлар олиб борилмаганлиги танқид қилинди. Шунингдек, фирибгарлик, айниқса, кибержиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Мажлис якунида масъул раҳбарлар зиммасига барча соҳаларда коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш ҳамда маҳаллий кенгашлар фаоллигини кучайтириш бўйича вазифалар юклатилди.

Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан ёндашган бир қатор раҳбарлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари каби 14 нафар масъул ходимга нисбатан фаолиятидаги камчиликлар учун интизомий чора кўриш, айримларини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқлар берилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид