Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп нишонида — Венесуэла. Нега?
Венесуэлага уруш таҳдиди: мотивлар нима, бу кимга қандай таъсир қилади?
Кейинги ҳафталар ва ойларда Доналд Трампнинг диққат марказида Яқин Шарқ эмас, Россия–Украина уруши ҳам эмас. Ҳатто Хитой билан “пойга” ҳам аҳамият жиҳатидан бироз қуйи даражага тушган. АҚШ президентининг асосий эътибори Венесуэлага қаратилган. Бу давлат чегаралари яқинида Америка ҳарбий кучлари жойланмоқда.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’даги колонкасида АҚШ – Венесуэла зиддиятининг мотивлари ҳақида сўз юритади.
Венесуэла – Ўзбекистон учун дунёнинг нариги томони, Жанубий Америкада жойлашган. Жанубий Америка – биз учун энг узоқ қитъа. Бироқ агар АҚШ Венесуэлага уруш очса, бу дунё геосиёсатига, иқтисодиётига, жумладан, нефть нархига жиддий таъсир қилади.
Венесуэла кичик давлат эмас. Унинг сарҳади 916 минг квадрат километрни ташкил қилади, ва бу билан Ўзбекистондан (448 минг кв. км) икки баравардан ҳам сал каттароқ ҳисобланади. Аҳолиси эса ўтган 2024 йилда 28,4 миллионни ташкил қилган.
Трамп Венесуэлага қарши ахборот урушини бошлаганида, кўпчилик қатори мен ҳам бу ахборот кампаниясини “ёлғон”, “психологик босим”, халқаро ибора билан айтганда “блеф” деб қабул қилдим. Бунга асос бор эди. Трамп шу пайтга қадар Канадага босим қилиб, “51-штат бўл” деди — бўлмади. Гренландияни қўшиб олмоқчи бўлди — ўхшамади. Панама каналини тўлиқ ўзлаштирмоқчи бўлди — бу ҳам амалга ошмади. Бироқ Венесуэлага нисбатан босим борган сари ошиб бормоқда.
Ҳозирда Венесуэла атрофида, Кариб денгизида жами 13 та америкалик ҳарбий кемалар жамланди. Улардан учтаси авиаташувчи, яъни ўз гарданларида қирувчи самолётларни ташиб юради. Энг йирик самолёт ташувчи кема — “Жеральд Форд” ҳам Кариб денгизида. Қолган иккитаси ҳам узоққа учувчи ракеталар билан жиҳозланган. Иккита ёқилғи ташувчи катта танкер ҳам Карибда. Венесуэла атрофига келтирилган ҳарбий аскарлар сони ўн мингдан ошган. Ҳар ҳафта бир неча марта катта ракета ташувчи йирик самолётлар Венесуэла осмони устидан учиб, маҳаллий ҳарбийларга психологик босим ўтказмоқда.
Хўш, Трампнинг расмий ва норасмий мотивлари нималардан иборат? Венесуэла – Лотин Америкасидаги энг аксил-америкачи давлатлардан бири. Олдинги президент Уго Чавес ҳам, ҳозирги Николас Мадуро ҳам минтақада ва халқаро майдонда АҚШ сиёсатини “империалистик”, “гегемонистик” дея танқид қилиб келган. Шу боис улар Вашингтонда ёмон кўриладиган сиёсатчилар ҳисобланади. Олдинги АҚШ президентлари Венесуэла режимига у қадар катта эътибор бермаган бўлса, Трампнинг бу мамлакат борасида жиддий режалари бордек кўринади.
Трамп сайлов кампанияси чоғида Америка халқига наркотик моддалар билан жиддий курашишга ваъда берган эди. Сайланиши биланоқ Давлат департаментига топшириқ бериб, наркотик ишлаб чиқарувчи ва ташувчи гуруҳлар, картеллар ва шахсларни “террористлар” рўйхатига киритишни буюрди. 2025 йил феврал ойи охирида Давлат департаменти ўзининг “террористик ташкилотлар рўйхатини” янгилади ва унга наркотик картеллар билан бир қаторда Венесуэла президенти Мадуро ҳам “наркотик моддалар транзити” ва картеллар билан ҳамкор сифатида киритилди. Мадурони қўлга олиш ҳақида маълумот берганларга 15–25 миллион доллар мукофот пули эълон қилинган бўлса, шу йил августда бу сумма 50 миллионга етказилди. Бу билан АҚШ Мадурони дунёдаги энг йирик наркосавдогар деб эълон қилди.
Хўш, аслида ҳам Венесуэла наркотик ишлаб чиқариш марказими ёки асосий транзитми? Йўқ. АҚШга келаётган наркотик моддаларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари, аввало, Мексика ва Колумбия ҳисобланади. Лекин Трампнинг мақсади — Мадуро режимини ағдариш ва наркотрафик бу борада қулай баҳона сифатида кўрилаётган бўлиши мумкин.
Трамп Венесуэлага уруш қилиш учун Конгрессдан рухсат сўраш ниятида эмас. 2001 йил 11 сентябрдан кейин АҚШда “Патриот акти” қабул қилинган эди. Унга кўра, террористик ташкилотлар ва шахсларга қарши курашишда президент Конгресс рухсатисиз ҳам ҳарбий кампания бошлаш ҳуқуқига эга. Трамп айнан шу ҳуқуқий имкониятдан фойдаланиш ниятида.
Айрим маълумотларга кўра, бир неча ой олдин Мадуро Трампга яширин хат ёзиб, келишув таклиф қилган. Унда Венесуэланинг АҚШ билан тинч-тотув ва ҳамкорликда яшаш нияти борлиги, шунингдек, АҚШ нефть компанияларига Венесуэла нефтини қазиш ва сотишда қулайликлар берилиши таклиф этилган. Бироқ Трамп командасида бу масалада икки хил фикр бўлгани айтилади. Трампнинг Венесуэла бўйича махсус вакили Ричард Гренел келишувни қабул қилиш тарафдори бўлган, аммо давлат котиби Марко Рубио “Мадурони йиқитмасак, у яна бизга қарши чиқади” деб Трампни ўз томонига оғдирган.
Трамп келишувларга рози бўлмагач, Мадуро уч давлатга мурожаат қилди ва маънавий ҳамда моддий ёрдам сўради. Бу давлатлар — Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси. Бу уч давлат ҳам Ўзбекистоннинг қўшнилари: Қозоғистон орқали Россия, Қирғизистон орқали Хитой ва Туркманистон ортида Эрон. Бироқ Россия Украина уруши билан банд, у Мадурога амалий ёрдам бера олмайди. Эроннинг имкониятлари ҳам чекланган. Фақат Хитой Мадурога ёрдам бериш имкониятига эга, аммо узоқдаги Венесуэла учун АҚШ билан жиддий тўқнашувга киришиш ниятида эмас.
Венесуэла аниқ ўлчанган нефть захираларига кўра мутлақ лидер — унинг захиралари 300 миллиард баррелдан зиёд. Бу кўрсаткич билан у ҳатто Саудия Арабистонидан ҳам олдинда. Мадуронинг энг катта муаммоси — бу венесуэлаликларнинг йиллар давомида тўпланган қийинчиликлари ва режимга нисбатан ишончсизлиги бўлиши мумкин. Вақти келиб, диктатуралар нафақат миллий манфаатларни, балки ўз ҳокимиятларини ҳам ҳимоя қила олмай қолади. Демократиялар эса катта куч ва қудрат яратиб, халқаро ҳамжамият ишончини ўзларига оғдиришга интилади ва ташқи дунёдаги заиф автократияларга ҳам ҳамла қилишга мойил бўлади.