Жаҳон | 14:22 / 07.11.2025
2492
2 дақиқада ўқилади

Латвия Украинага яна 21 та Patria 6x6 зирҳли транспортёрини топширди

Латвия РФ ҳужумига қарши Украина­нинг мудофаа курашини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. Киев яна 21 та Patria 6x6 зирҳли транспортёрини қабул қилди, уларни Украина мудофаа вазири Денис Шмихал 6 ноябр куни Адажи ҳарбий базасига ташрифи чоғида қабул қилиб олди.

Фото: TASS/dpa/picture-alliance/Alexander Welscher

“Patria’ларни топшириш дўстлик, шериклик ва қўлимиздан келганча ҳиссa қўшишга тайёрлигимизни намоён этади”, — деди Латвия мудофаа вазири Андрис Шпрюдс. Унинг таъкидлашича, ЕИ ва НАТО аъзоси бўлган ушбу Болтиқбўйи мамлакати “Украинани доим қўллаб-қувватлаган ва бундан буён ҳам чин дилдан қўллаб-қувватлайди”.

Шмихал Латвияга зирҳли транспортёрлар учун миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, дронлар ва бошқа янги технологиялар ривожига қарамай, анъанавий қурол-аслаҳа тизимлари ҳамон ҳал қилувчи ўрин тутади.

“Бу машиналар — самарали техника, улар жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолади”, — деди вазир. Жорий йилда жами ҳисобда Латвия Украинага 42 та зирҳли транспортёр топширган.

Украина уч йил яримдан ортиқ вақтдан бери ғарб иттифоқчилари ёрдамида Россия ҳужумига қарши курашмоқда. Россия ва Беларус билан қўшни бўлган Латвия Киевнинг энг қатъий тарафдорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шпрюдснинг сўзларига кўра, бу йил мамлакат Киевга ЯИМнинг тахминан 0,3 фоизи миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид