Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Politico: Жоли Украинага ташрифини олдиндан билдирмаган, чегарадан пиёда ўтган
Legacy of War Foundation билан 5 ноябр куни Миколайив ва Херсонга келган Анжелина Жоли ҳукуматни олдиндан хабардор қилмаган, деб хабар берди Politico. ТЦКга олиб борган ҳамроҳи — 33 ёшли Дмитрий Пишчиков — захира офицери сифатида хизматга яроқли, деб топилган, уни қайта тайёргарликка йўналтиришгани айтилмоқда.
Legacy of War Foundation хайрия ташкилоти билан 5 ноябр куни Миколайив ва Херсон шаҳарларига келган америкалик актриса Анжелина Жоли ўз ташрифи ҳақида олдиндан ҳукуматни хабардор қилмаган. Бу ҳақда Politico’нинг Европа таҳририяти юқори мартабали украин амалдорига таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошининг айтишича, Жоли чегарани пиёда кесиб ўтган. У қайси мамлакат томонидан Украинага кириб келгани аниқлаштирилмаган.
Ташкилот сайтидаги хабарда айтилишича, Жоли тиббиёт ходимлари, маҳаллий аҳоли ва волонтёрлар билан учрашган. “Миколайив ва Херсон аҳолиси ҳар куни хавф остида яшайди, аммо таслим бўлмайди. Бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар тинч аҳолини ҳимоя қилишдан юз ўгирган бир пайтда, уларнинг куч-ғайрати ва ўзаро ёрдами чуқур ҳурмат уйғотади. Деярли тўрт йиллик можародан кейин чарчоқ кўзга ташланади, аммо қатъият ҳам бор. Оилалар хавфсизлик, тинчлик ва ҳаётни тиклаш имконини истайди”, — дейилган актриса сўзларидан иқтибосда.
5 ноябр куни, актрисанинг Украинага келгани ҳақида ахборот пайдо бўлганидан бир неча соат ўтиб, украин ОАВ ва Telegram-каналлари унинг Миколайив шаҳридаги ТЦКга (Территориал комплектлаш маркази, собиқ ҳарбий комиссариат — таҳр.) кириб ўтгани ҳақида ёза бошлади. Сабаб сифатида унинг ҳамроҳларидан бирини сафарбарликка чақириш режалаштирилгани айтилди. Манбаларга таяниб нашр этилган хабарлар ўзаро тўғри келмади: айримлари эркак ҳарбий ҳужжатларидаги муаммолар туфайли ТЦКга тушгани ва “хизматга тайёрланаётгани”ни, бошқалари эса шахси аниқлангач, “ўз ишлари билан тинч кетгани”ни ёзди.
Кўп ўтмай гап 33 ёшли, Кропивницкий шаҳрилик жанговар самбо мураббийи Дмитрий Пишчиков ҳақида кетаётгани маълум бўлди. Унинг акаси Евгений “Суспільне” давлат телеканалига айтишича, у ҳарбий хизмат ўтамаган, учувчилар академиясида ҳарбий кафедрани тамомлаган ва ҳозир бел умуртқа касаллиги туфайли фақат орқа қисмларда хизмат қилиши мумкин. Дўсти Юлиянинг сўзларига кўра, 6 ноябр тонгга қадар Дмитрий билан алоқа ўрнатилмаган. Дмитрийнинг мураббийи Вячеслав телеканалга эркак 4 ноябр кечаси ушланганини аниқлаштирди.
Украина Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлари вакиллари “Суспільне”га маълум қилишича, ТЦКдаги текширув чоғида Дмитрий захира офицери экани ва сафарбарликдан озод этилиши учун тасдиқланган асослари йўқлиги айтган. Шунингдек, 2025 йил июн ойидаги ҳарбий-врачлик комиссияси хулосасига кўра, у ортда хизмат қилишга яроқли. Миколайив ТЦКда Politico’га Дмитрий ҳарбий қайта тайёргарликка юборилгани айтилди.
Жоли Россия бошлаган кенг кўламли урушдан кейин Украинага аввал ҳам келган: 2022 йил апрел ойи охирида у Лвивга ташриф буюрган. Хусусан, у маҳаллий вокзалдаги қочқинларни қабул қилиш маркази ва интернатда бўлган, ҳарбий ҳаракатлардан жабрланган болалар билан учрашган. Маҳаллий аҳоли актрисанинг кафега кирган лаҳзасини видеога ҳам олган.
Актриса 2001 йилдан бери БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR)да яхши ният элчиси ҳисобланса-да, бу сафар — хабарларга кўра — шахсий ташриф бўлган.
Мавзуга оид
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026