Жаҳон | 12:21 / 07.11.2025
4363
5 дақиқада ўқилади

РФ ҳарбийси Украинада умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Запорижжядаги суд украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбланаётган Россия ҳарбийси Дмитрий Курашовни умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Курашов айбини тан олди — у яқинда асирлар алмашинувига умид қилганини айтди.

Фото: AP

Украина Қуролли кучлари (ҚК) позицияларига 2024 йил январ ойида Запорижжя вилоятида қилинган ҳужум пайтида украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбланган Россия ҳарбий хизматчиси Дмитрий Курашов умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу қарорни 6 ноябр куни Запорижжядаги Заводской туман суди эълон қилди, деб хабар берди DW мухбири суд залидан. Курашов бир ой ичида ушбу ҳукмга апелляция тартибида шикоят киритиши мумкин. Ҳукмни судялар ҳайъати — Олга Погребная, Алла Завиновская ва Руслан Синелник чиқарди.

Энг оғир жазо — умрбод қамоқни прокурор Никита Маневский сўради. “Айбланувчининг қилмишга муносабати ҳақида бирор нарса дейиш қийин, чунки у ҳеч қандай тушунтириш бермади, — деди Маневский октябрдаги мунозаралар пайтида. — Шу билан бирга, ҳеч қандай тавба-надомат аломатлари кўринмади — суд жараёни давомида айбланувчи бефарқликдан бошқа нарсани намоён этмади”.

Дмитрий Курашов судда кўрсатма бермади. Бироқ унинг ҳимоячиси Анна Карпенко айбланувчи “қилган ишига танқидий муносабатда” экани, “чин дилдан афсусда” экани ва жиноят очилишига кўмаклашганини таъкидлаб, жазони енгиллаштиришни сўради. “Терговдан олдинги босқичда менинг мижозим ҳужум бошланишидан аввал қўмондонлик асирларга қандай муомала қилишни тушунтирмаганини айтган. Аксинча, ҳужум пайтида ҳеч кимни асирга олмаслик буйруғи бўлган. Шу боис, менимча, Курашов ўзини буйруқни бажаряпман, деб ўйлаган”, — деди адвокат. Унинг қўшимча қилишича, Курашов шок ҳолатида бўлган ва ҚҚ ҳарбийси таслим бўлаётганини англамаган. Ҳимоячи Курашовга уруш қоидалари ва урф-одатларини бузиш моддаси бўйича белгиланган минимал жазони қўллашни сўради.

26 ёшли “Сталкер” тахаллусли Курашов уруш қоидалари ва одатларини бузиш, яъни қасддан одам ўлдиришда айбланди. Айбловга кўра, 2024 йил 6 январ тонгда Курашов бўлган Россиянинг “Шторм-V” отряди Запорижжя вилояти Пологовский туманининг Приютное қишлоғи атрофидаги украин позицияларига ҳужум қилди. Бу позицияларни 127-алоҳида ҳудудий мудофаа бригадаси жангчилари ушлаб турарди.

Руслар позицияни эгаллагач, украин ҳарбийларидан бири — 41 ёшли Виталий Г. қуролини ташлаб, қўлларини кўтариб чиққан ва Курашов талаби билан тиз чўккан, дейилади 2024 йил ноябрда ўқилган айблов хулосасида. Ўшанда Курашов асирни камида уч марта нишонга олиб отиб ўлдиргани айтилган.

Илк мажлисда Курашов айбини тан олди, бироқ кўрсатма беришдан бош тортди. Танаффусда журналистларга у айбини “суд жараёнини тезлаштириш учун” тан олганини, чунки асирлар алмашинувига умид боғлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуролсиз украин ҳарбийсини гўё гуруҳнинг “Седой” тахаллусли фелдшери отган, у тез орада ҳалок бўлган, ўлдиришнинг сабабини эса жароҳатланган украин жангчисини даволаш имкони бўлмагани билан изоҳлаган.

Бироқ бу версияни уч рус ҳарбий асири — Олег Замятин, Константин Зеленин ва Дмитрий Зуев рад этди. Январ ойидаги мажлисда уларнинг учови Курашов қўлларини кўтариб чиққан қуролсиз украин ҳарбийсига ўқ узганини айтди. Шунга қарамай, Замятин ва Зеленин бевосита ўқ узишни кўрмаганини, ўқ овози ва жасадни кўрганларида ён-атрофда фақат Курашов бўлгани учун шундай хулосага келганини билдирди. Зуев эса Курашовнинг ўқ узганини кўрганини айтди.

Март ойида суд яна бир гувоҳ — россияликлар эгаллаган позицияни қайтариб олган украин жангчилари сафига кирган, 47 ёшли Александр Д.нинг кўрсатмасини тинглади. Улар ўша ерда ўз хизматдошлари жасадларини, жумладан “Пингвин” тахаллусли Виталий Г.нинг жасадини ҳам топган.

Д.нинг судга айтишича, позицияда унинг беш ҳамроҳининг жасади ётган — уч нафари блиндажларда, яна иккиси (“Пингвин” ва “Гринч”) блиндажлардан бир неча метр узоқда. Унинг фикрича, бу иккиси “қаршилик кўрсатмаётган пайтда” ўлдирилган — чунки қуроли йўқ эди. “Пингвин” эса юзи билан пастга ётган, эҳтимол, бошига ўқ тегиб ҳалок бўлган.

Гувоҳ, шунингдек, ўзи ва хизматдошлари россияликларни — Курашовни ва яна уч рус ҳарбийсини асир олганини, улар судда Курашовга қарши кўрсатма берганини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид