Жамият | 13:41 / 08.11.2025
1610
1 дақиқада ўқилади

Ноябр — “Браконерликка қарши курашиш” ойи: экологик рейдлар кучайтирилди

Экология вазирлиги республикада ноябр ойини “Браконерликка қарши курашиш” ойи деб эълон қилди. Ой давомида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чўл ва тоғлик ҳудудлар ҳамда табиий сув ҳавзаларда ноқонуний ов ва табиат ресурсларидан фойдаланишга қарши экологик назорат рейдлари ўтказилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тегишли идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган рейдлар жараёнида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан ноқонуний фойдаланиш, жумладан ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Вазирлик ҳар қандай турдаги ноқонуний ов қонунчиликка кўра қатъий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатади ва фуқароларни қонунбузарликка йўл қўймасликка чақирди.

Фуқаролардан браконерлик ҳолатларига дуч келганда зудлик билан хабардор қилиш сўралади. Тушган мурожаатлар бўйича назорат тадбирлари ташкил этилади ва қонун доирасида чора кўрилади.

Мурожаат учун алоқа: телефон: (71) 207-11-07, (71) 207-11-08, қисқа рақамлар: 1157, 1207. Telegram боти: @ecogovuz_bot

Муҳофаза этиладиган ҳудудлар, чўл/тоғли минтақалар ва табиий сув ҳавзаларда режали рейдлар давом этади. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид