Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Икки генерал уруши: «жаҳаннамга айланган» давлат ҳақида
Нотинч дунёмиздаги энг хавфли ҳудудлардан бири Судан. Қуйида Судандаги инқироз қаердан бошлангани, ҳозир нималар бўлаётгани ҳақида имкон қадар қисқа гапириб беришга ҳаракат қиламиз.
Иккига бўлинган давлат
Учинчи йилки фуқаролик уруши ичида яшаётган Судан амалда иккига бўлинган. Йўқ, араблар бошқарувидаги Судан ва давлат тили инглиз тили бўлган Жанубий Суданнинг алоҳида бўлинишини айтмаяпман, бу энди янгилик эмас, Судан иккига бўлинганига 15 йил бўляпти. Ҳозир араблар бошқарувида қолган, аҳолисининг деярли барчаси сунний мусулмонлар бўлган Судан республикаси ҳам амалда иккига бўлинган: Судан ҳукумат кучлари назорат қиладиган ва «Тезкор ҳаракат кучлари» деб аталган исёнчи гуруҳ назорат қиладиган икки қисмга.
Ҳозир ана шу икки гуруҳ урушяпти. Охирги вақтларда Судан инқирози ахборот оламида тез-тез тилга олинаётганига сабаб ана шу «Тезкор ҳаракат кучлари» ҳукумат кучлари назоратидаги Ал Фашр шаҳрини эгаллаб олгани бўлди. Ҳарбийлашган исёнчи гуруҳ шаҳарни эгаллаб олганидан кейин юзлаб одамларни қириб ташлаган. Расмий маълумотга кўра Саудия ҳомийлик қиладиган касалхонанинг ўзида 460 киши ваҳшийларга отиб ташланган.
Тармоқда бу гуруҳ аъзолари одамларни азоблаб ўлдираётгани, «Кечирим сўрасанг, омон қоласан», деб алдаб отиб ташлагани, машинада босиб ўлдираётгани акс этган даҳшатли видеолар тарқалди. Ишонинг, охирги йилларда суданликлар худди Ғазодагидек даҳшатли кун кечирмоқда. Фарқи шундаки Ғазода 1 миллиондан, Суданда 50 миллиондан ортиқ одам яшайди. 2023 йилдан буён давом этаётган тўқнашувларда камида 40 минг тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 15 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.
Нимадан бошланди?
Ҳаммаси 2018 йил мамлакатдаги иқтисодий аҳволга қарши намойишлардан бошланади. Фуқаролар мамлакатни 30 йилдан буён бошқариб келаётган Умар ал Башир истеъфосини талаб қила бошлади. Намойишлардан тўрт ой ўтиб мамлакатда ҳарбий тўнтариш бўлади, президент Умар ал Башир ҳибсга олинади. Янги раҳбар армия генерали Абдул Фаттоҳ ал Бурҳон бўлади. Йил охирида Бурҳон яна бир ҳарбий тўнтариш қилиб Суданни тўлиқ ҳарбийлар бошқарувидаги давлатга айлантиради.
Ана шунда Судан ҳукумати чинакам жаҳаннам томон йирик қадам қўяди. Ахир ҳарбий бошқарувдаги давлатнинг келажаги нима бўлишини тарих кўп марта кўрсатган. Давлатни сиёсатчилар эмас, ҳарбийлар бошқарса, биринчи муаммо ҳукумат талашиш бўлади. Буни билиш учун даҳо бўлиш шарт эмас. Ҳукуматни қўлга олган генерал Бурҳон ва унинг ўринбосари, эски вазифаси намойишларни тинчитиш бўлган «Тезкор ҳаракат кучлари» етакчиси генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасида келишмовчилик бошланади.
Дагало бошчилигидаги кучлар Судан қуролли кучлари таркибига киришдан бош тортгач, икки томон ўртасида уруш бошланади. Дагалонинг «Тезкор ҳаракат кучлари» худди Пригожиннинг «Вагнер»и каби бутун бошли армия, улар ҳатто ўзлари назорат қиладиган ҳудудлардан эркакларга чақирув эълон қилиб, сафини кенгайтириб олган. Айтганча, Пригожин ҳам Суданда фаолият юритган, ўзи унинг Африкада бормаган жойи қолмаган.
Ҳукумат кучларига бўйсунмаган Дагало кучларининг катта миқдорда қуроли бор эди, оқибатда Судандаги йирик шаҳарлар учун қонли урушлар бошланади. Ҳаммасининг сабаби битта — ҳукумат талашиш! Даҳшат, шундай эмасми? Шунчаки икки генерал ким мамлакат хавфсизлик кучларини бошқариши борасида келиша олмагани учун ўн минглаб тинч аҳоли ўлиб кетди, миллионлаб одамлар ватанини ташлаб қочишга мажбур бўлди.
Ташқи аралашув
Суданда вазият шундоғам чалкашиб кетгани етмагандай бошқа давлатлар ҳам урушга аралашади. Ливиялик ҳарбий Халифа Хафтар «Тезкор ҳаракат кучлари»ни қўллайди, уларга қурол ҳам юборади. Миср эса ҳукумат кучларини қўллайди, Миср разведкаси Судан ҳукумат кучларига тезкор разведка маълумотлари етказиб туради, йирик нашрлар Миср авиацияси «Тезкор қаршилик кучлари» позицияларига зарба бергани ҳақида ёзади.
Бу можарода Миср ўз манфаатлари учун ҳаракат қилишини тушуниш мумкин. Чунки Мисрнинг хонумони, бор-у йўғини белгилаб берадиган Нил дарёси айнан қўшни Судандан оқиб келади. Ўзи Эфиопия Нил йўлига дамба қуриб вазиятни оғирлаштириб юборган, Судандаги исёнчилар ҳам дарё йўлига тўсиқ қўйса, Мисрнинг аҳволи оғирлашади.
2023 йил апрелда «Тезкор ҳаракат кучлари» 200 га яқин мисрлик ҳарбийни асир олади. Кейинроқ улар қўйиб юборилади. Можарога Украина ҳам аралашиб қолади, ахир Суданда Африкада олтин тўплаб, Украинага қарши уруш учун юбориб юрган вагнерчилар бор эди. Судан ҳукумати вагнерчиларга қарши курашда ёрдам сўраб Украинага мурожаат қилади, Киев камида 100 кишидан иборат разведка гуруҳини юборади. Улар асосан дрон ёрдамида вагнерчилар билан урушади.
Қандай чора бор?
Шу кунларда «Тезкор ҳаракат кучлари» АҚШ ва араб давлатларининг таклифини қабул қилиб, ҳуманитар сулҳга рози бўлди. Ҳозирча Судан ҳукумат кучлари таклифга жавоб бермади, лекин улар ҳам рози бўлишса керак. Судан мудофаа вазири Трампга миннатдорлик билдириш асносида «мамлакат исёнчилар билан урушга тайёрланишга ҳақлилигини» айтди. Ҳукумат кучлари «Тезкор ҳаракат кучлари» тарқатиб юборилиб, ҳаракат бошлиқлари, хусусан, генерал Дагало жавобгарликка тортилсагина сулҳга рози бўлмоқчи.
Ҳозир мамлакатдаги вазият шунчалик оғирки, ҳеч кимда урушадиган куч қолмаган. Суданда ҳаёт тўхтаб қолган ҳисоб, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги қотиб қолган, одамларнинг асосий муаммоси боласининг қорнини тўйғизиш. Табиийки бундай шароитда иқтисод ҳам қулайди, қурол-яроғ сотиб олиш имконсиз. Лекин икки томонда икки армия тинмай урушмоқда. Тўғри, тушундингиз уларга қурол бериб туришибди.
Ҳозир Трамп бошчилигида бўладими, араб давлатлар бошчилигидаги Судандаги ҳарбий ҳаракатларни ҳар қандай йўл билан тўхтатиш зарур, чунки урушдан тинч аҳоли, аёллар, болалар, қариялар жабр кўрмоқда. Афтидан, бу урушни тўхтатиш ташқи аралашувсиз имконсиз. Шу сабаб давлатлар дипломатик ва бошқа йўллар билан ҳукумат талашаётган кучлар ўртасидаги урушни тўхтатиши керак.
Кейин эса, ҳаммаси тинчиганидан кейин, асло мамлакатни бошқаришни ҳарбийларга топшириш керак эмас. Айнан ҳарбий диктатура бошқарувига ўтиш Суданни дунёда яшаш энг оғир давлатга айлантирди. Атрофдаги давлатлар ҳам «манфаат, манфаат» демай Судандаги вазият тинчишига ёрдам бериши керак, урушни гижгижлаши эмас. Суданда энг биринчи суданликлар манфаати бўлиши керак!
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
14:10 / 26.11.2025
Уруш ва ОАВ: ҳақиқат қаерда?
16:04 / 04.11.2025
Судан инқирози: Миср, БАА, Саудия ва Россия манфаати тўқнашяптими?
16:32 / 31.10.2025
Суданда даҳшатли қирғин: исёнчилар шифохонадаги 460 кишини отиб ташлаган
13:57 / 28.10.2025