Жаҳон | 07:56 / 10.11.2025
12079
2 дақиқада ўқилади

Саудия мегалойиҳаси «Ойнали йўл» — стратегик қайта кўриб чиқилмоқда

Саудия Арабистонининг футуристик мегалойиҳаси — «Ойнали йўл» (The Line) — узунлиги 170 километр бўлган, ойна фасадли ва тўққиз миллион аҳолига мўлжалланган шаҳар — муҳандислик чекловлари ва жадал ўсиб бораётган харажатлар туфайли кескин қисқартирилди.

Фото: NEOM

Қурилиш уч йил аввал бошланганида, «Ойнали йўл» Саудия Арабистонининг нефт иқтисодиётидан рақамли иқтисодиётга ўтиш йўлидаги тўхтовсиз тараққиёти рамзига айланиши керак эди.

Бироқ лойиҳа илгарилаган сари реалликка дуч келди. Горизонтал осмонўпар бино сифатида мўлжалланган «Ойнали йўл» меъморлари бундай иншоотни режадагидай барпо этиш мумкинми ёки йўқми, деган шубҳаларни билдирди. Қиймат ошди, муддатлар сурилди, Ар-Риёд умид қилган чет эл инвестициялари эса келмади.

Бугунга келиб, камида 50 миллиард доллар сарф этилганига қарамай, қурилиш ишлари саҳрода қатор ҳавозалар ўрнатиш билан чекланди, манзара бўйлаб чуқур хандақлар тортилган. Режалаштирилган горизонтал осмонўпарнинг 20 та «модул»и тахминан учтагача қисқартирилган.

NEOM лойиҳа оператори «Ойнали йўл»ни узоқ муддатли мақсад сифатида сақланишини таъкидлаётган бўлса-да, Financial Times нашри билан суҳбатлашган кўплаб инсайдерлар — меъморлардан тортиб муҳандислар ва собиқ топ-менежерларгача — ғоянинг физика қонунлари, нарх-наво ва сиёсий реалликлар босимида амалда муваффақиятсизликка юз тутганини қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид