Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ ва Лотин Америкаси биргаликда жиноятчиликка қарши курашади
Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Лотин Америкаси ҳамда Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамияти (CELAC) саммити Колумбияда очилди. Унинг асосий мавзулари — иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик, коррупция, гиёҳванд моддалар ва одам савдосига қарши кураш.
Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси ҳамда Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамияти (CELAC) саммити 9 ноябр куни Колумбиянинг Санта-Марта шаҳрида бошланди. Тадбирнинг мақсади — томонлар ўртасидаги шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш. Кун тартибига, бошқа нарсалар қаторида, иқтисодий масалалар, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, гиёҳванд моддалар ва одам савдосига барҳам бериш масалалари киритилган.
Dpa агентлиги хабарига кўра, саммитда “хавфсизлик бўйича иттифоқ” тузиш режалаштирилмоқда. Унинг доирасида аъзо давлатлар полицияси, адлия органлари ва божхона тизимлари ўз фаолиятини яқин ҳамкорликда мувофиқлаштиради.
Хусусан, тергов ишларини ўтказишда идоралар ўртасида ҳамкорлик қилиш, молиявий оқимлар устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, чет элдаги ноқонуний активларни қайтариш механизмларини жорий этиш тўғрисида сўз бормоқда. Бундан ташқари, ЕИ ва CELAC аъзолари жиноий таъқиб ва ахборот алмашинуви соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради, контрабанда тармоқлари, одам савдоси ва экологик жиноятчиликка қарши курашни кучайтиради.
Саммитга келган ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билдиришича, денгиз йўлларини ҳимоя қилиш бўйича ЕИ дастурини ҳам кенгайтириш режалаштирилган. Бу ахборот алмашинувини яхшилашга ва денгиздаги жиноятчиликка қарши курашишга ёрдам беради, дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, ЕИ–CELAC саммити АҚШ билан Лотин Америкасидаги айрим мамлакатлар ўртасида ўсиб бораётган таранглик соясида ўтмоқда. АҚШнинг минтақада эҳтимолий гиёҳванд моддалар савдогарларига бир неча бор зарба бергани, шунингдек, Кариб денгизига ҳарбий кемалар юборгани ортидан кузатувчилар ҳарбий тўқнашув эҳтимолидан хавотирда. Кая Калласнинг таъкидлашича, “куч ишлатиш фақат иккита асос билан оқланиши мумкин: ёки қонуний ўзини ҳимоя қилиш мақсадида, ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига биноан”.
АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла раҳбари Николас Мадурони гиёҳванд савдосини назорат қилаётганликда айбламоқда. Шу билан бирга, Колумбия президенти Густаво Петрoни АҚШ раҳбари “гиёҳванд моддалар савдоси оқсоқоли” деб атади. Илгари Петрo АҚШ томонидан Кариб денгизи орқали гиёҳванд моддаларни АҚШга ташиш билан шуғулланади, деб ҳисобланган қайиқларга қарши амалга оширилган ҳаракатларни “суддан ташқари жазолаш” деб баҳолаган эди.
ЕИ–CELAC саммитига ўнга яқин мамлакатлар давлат ёки ҳукумат раҳбарларини юборди. Улар орасида Испания бош вазири Педро Санчес, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта бор. Германия номидан ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул иштирок этмоқда.
Вадефул саммитга жўнаб кетишдан олдин, ГФР Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан биргаликда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун саъй-ҳаракат кўрсатишга тайёр эканини билдирди: “ёки уюшган жиноятчиликка қарши кураш, Ҳаитидаги инқироз шароитида қўллаб-қувватлаш, ёки Колумбиядаги тинчлик жараёнига қадар — қайси масала бўлмасин”.