Технология | 14:44 / 11.11.2025
2232
2 дақиқада ўқилади

Beekeeb Toucan: клавиатура ва сичқончани бирлаштирган ноодатий гаджет

Америкалик Beekeeb компанияси сафарда ҳам қулай ишлашни ёқтирадиган фойдаланувчилар учун янги Toucan клавиатурасини тақдим этди. Ушбу ихчам қурилма битта корпусда бўлинган эргономик клавиатура ва думалоқ сенсорли панелни бирлаштиради. Энг муҳими — у оддий механик клавиатуралардан бир неча баравар енгил ва осонгина сумкага жойлашади.

Toucan иккита мустақил қисмдан иборат бўлиб, ҳар бирида 21 тадан тугма жойлашган. Ўнг томонда 40 миллиметрли думалоқ тачпад мавжуд ва у сичқонча ўрнини тўлиқ босади.

Клавиатура ZMK очиқ кодли дастурий таъминоти асосида ишлайди — у клавиатура фаол бўлмаганида уйқу режимига ўтади ва тегиш билан дарҳол ишга тушади. Шу туфайли 1500 мА·соат сиғимли батарея билан 4000 соатгача, яъни деярли ярим йил ишлаш имконини беради.

Тугмалар устунлари вертикал жойлашган, бу эса узоқ ёзиш пайтида билакдаги босимни камайтиради. Корпус алюминий пластинка ва 3D-принтерда тайёрланган пластмассадан ясалган бўлиб, бу қурилмани бир вақтнинг ўзида мустахкам ва енгил қилади.

Toucan’da Kailh Choc V1 паст профилли механик тугмалар ишлатилади — фойдаланувчи уларни босиш ҳиссига қараб танлаши мумкин.

Қурилма уч хил шаклда тақдим этилган: ўзингиз йиғиш имконини берувчи DIY-тўплам — 189 доллар, тайёр, лекин тугмасиз ва клавиш қопқоқсиз версия — 298 доллар, тўлиқ ўрнатилган ва ишлатишга тайёр комплекти эса 352 доллар туради.

Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Теlegram саҳифасини кузатиб боринг.

Аббос Юсуфжонов
Тайёрлаган Аббос Юсуфжонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид