Жаҳон | 15:51 / 11.11.2025
3216
2 дақиқада ўқилади

Беларус Литва рақамига эга юк машиналарининг Европага ўтишини ёпди

Беларус вақтинча ўз назорат-ўтказиш пунктлари орқали Литва рақамига эга юк автомобиллари ҳаракатини тўхтатди. Беларус ТИВ мамлакатда 1100 дан ортиқ машина қолиб кетганини хабар қилди.

Фото: Беларус Чегара қўмитаси

Беларус Чегара қўмитаси тарқатган билдирувга кўра, 10 ноябр куни соат 9:00 дан эътиборан, Литва рақамига эга юк машиналарининг Беларус ўтказиш пунктлари орқали ҳаракати вақтинча тўхтатилди — бу ҳақда идоранинг Telegram-каналида хабар қилинди.

Чегарачиларнинг айтишича, бу чоралар «юк ташувчиларни турар жой майдонлари бўйлаб ташкил этилган ҳолда қайта тақсимлаш мақсадида» қабул қилинган. «Беларус Республикасининг Чегара хизмати вазиятни мониторинг қилмоқда ва унинг ўзгаришига доимо тайёр», — дейилади баёнотда.

Шу куни Беларус ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам хабар эълон қилинди: унда мамлакат ҳудудида «Литва ташувчиларига тегишли 1100 дан зиёд юк транспорт воситалари тўпланиб қолгани» ва «Беларус томони уларни "Котловка" нуқтаси атрофидаги махсус жиҳозланган турар жойларга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилгани» айтилган.

ТИВ, шунингдек, гуманитар сабаблардан юк автомобиллари ҳайдовчиларига Беларусни тарк этиш имкони берилганини қўшимча қилди. Дипломатлар айни вазият учун айбни «бир томонлама тарзда» Беларуc-Литва чегарасидаги ўтказиш пунктларини ёпган Литва томонига юклади.

7 ноябр куни Литва бош вазири маслаҳатчиси Игнас Доброволскас журналистларга Вилнюс Беларусда қолиб кетган юк машиналарини мамлакатга киритишга тайёр эканини айтди, деб хабар беради LRT.lt портали. «Биз юк машиналарининг юртимизга қайтишини истаймиз, аммо чегара ёпиқлигича қолмоқда. Биз фақат ўз юк машиналаримиз қайтиши учун эвакуацион коридор ҳақида гапиряпмиз — ушбу таклиф Беларусга етказилган, шундай қилиб транспорт воситаларимизни қайтаришимиз мумкин», — деди у ва «жараённи Беларус томони тўсиб қўйганини» қўшимча қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид