Жаҳон | 12:48 / 11.11.2025
14453
3 дақиқада ўқилади

ФХХ МиГ-31 қирувчи самолётини олиб қочишга уриниш тўхтатилганини билдирди

ФХХ версиясига кўра, Украина ва Буюк Британия гўё Россиянинг МиГ-31 қирувчи самолёти учувчиларини ўз томонига оғдириб, Руминиядаги НАТО авиабазасида «кўламли провокация» ташкил этмоқчи бўлган.

Фото: Forsvarsmakten/AFP

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Украина ҳарбий разведкаси ва унинг «британиялик кураторлари» томонидан чегарадан ташқарига Россиянинг гипертовушли «Кинжал» ҳаво-баллистик ракетаcи ташувчиси бўлган МиГ-31 самолётини олиб қочишга қаратилган операцияни барбод этганини маълум қилди. ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази 11 ноябр куни хабар беришича, Украина Мудофаа вазирлиги қошидаги Бош разведка бошқармаси (ГУР) ходимлари россиялик учувчиларга ҳамкорлик учун 3 миллион АҚШ доллари ваъда қилган.

ФХХ маълумотига кўра, шундан сўнг украин махсус хизмати «Кинжал» ракетаcи ўрнатилган самолётни Руминиянинг Констанца шаҳрида жойлашган, жануби-шарқий Европадаги энг йирик НАТО авиабазаси ҳудудига йўналтиришни режалаштирган, у ерда самолёт ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари томонидан уриб туширилиши мумкин эди.

ФХХ, шунингдек, МиГни ўғирлаш операциясига Bellingcat халқаро тадқиқот гуруҳи ҳам гўё жалб этилганини билдирди. 2024 йилда МиГ-31 қўмондони билан ўзини Bellingcat журналисти Сергей Луговский деб таништирган шахс боғланиб, пресс-картасини кўрсатган ва материал учун маълумот тўплаётганини айтган, дея «Россия 24» телеканали эфирида маълум қилган ФХХ вакили.

Учувчи ҳамкорликдан бош тортгач, қирувчи самолёт штурманига номаълум шахс пул ва хориж фуқаролигини ваъда қилиб, самолётни олиб қочишни таклиф этгани айтилмоқда. ФХХ релизида қайд этилишича, россияликка «операцияга Украина олий раҳбарияти, европалик шериклар ва Британиянинг SIS хизмати кураторлик қилаётгани» маълум қилинган, қўмондоннинг кислород ниқобига заҳар суриб қўйиш ва шундан сўнг «Кинжал»ли қирувчини Одесса ҳамда Руминиядаги НАТО авиабазаси томон йўналтириш сўралган.

«Муваффақиятли қочиш» мисоли сифатида штурманга россиялик ҳарбий учувчи Максим Кузминов сурати юборилгани айтилмоқда. 2023 йилда Кузминов Ми-8 вертолётини Украинага олиб қочган, кейин Испанияга кўчиб ўтган ва у ерда кейинроқ жонсиз ҳолда топилган эди. ФХХга кўра, МиГ-31ни ўғирлаш операцияси 2025 йил 4 ноябрда ўтказилиши режалаштирилган бўлган.

Бу маълумотни мустақил манбалар тасдиқлагани йўқ. Украина разведкаси ҳозирча ФХХ баёноти юзасидан изоҳ бермади.

«Кинжал» — Москва гипертовушли деб атайдиган ҳаводан учириладиган баллистик ракета бўлиб, жуда юқори тезликка чиқиши ва парвоз траекториясини манёвр қилиш имконияти туфайли ҲҲМ тизимлари учун кузатишни қийинлаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид