Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Толиблар Боннда Афғонистон бош консулхонасини очмоқда
Аввалги Афғонистон бош консули октябр ойида истеъфога чиққан, шундан сўнг толиблар Боннда ўзининг дипломатик ваколатхонасини очди. Бонндаги консулхона Афғонистоннинг Германияда «Толибон» назоратида бўлмаган сўнгги муассасаси эди.
Боннда 10 ноябр куни Афғонистоннинг бош консулхонаси яна фаолиятини бошлади — бу сафар мамлакатда ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати юборган вакил билан. Афғонистон бош консулхонаси фаолияти қайта тиклангани ҳақида аввалроқ Кобулдаги ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқ X орқали хабар берган.
Германия расман Афғонистондаги толиблар ҳукуматини тан олмаган, бироқ бундан олдин улар вакиллари билан музокаралар ўтказган. ГФР ҳукумати Бонндаги толиблар консулхонаси Германияда ноқонуний бўлиб турган афғон фуқароларини ватанига қайтаришда кўмаклашишига умид қиляпти. Афғонистон бош консулхонаси Мюнхенда ҳам очилган. Бундан ташқари, Берлинда Афғонистон элчихонаси фаолият юритмоқда.
Бундан аввал ГФР ҳокимияти Бонн ва Берлиндаги дипваколатхоналарни назоратга олиши учун икки толиб-дипломатга киришга рухсат берган эди. Германиянинг жамоат-ҳуқуқий медиакомпанияси ARD ўз журналистик суриштирувига таяниб, толиб-дипломатлар Боннда яшовчи афғонлар билан алоқалар ўрнатганини хабар қилди. ARD маълумотича, Боннда ўз консулхонасини очиш толиблар учун муҳим бўлган, чунки бу Афғонистоннинг Германияда улар назоратида бўлмаган сўнгги дипваколатхонаси эди.
Боннда консулхона очилиши қочқинларга ёрдам тарафдори бўлган Seebrücke ҳаракати норозилик акциялари билан кузатилди. Ҳаракат фаоллари ГФР ҳукуматидан толиблар билан дипломатик муносабатларни тўхтатишни ва янги бош консул Саид Мустафо Ҳошимийни Германиядан чиқариб юборишни талаб қилмоқда.
Бонндаги Афғонистоннинг собиқ бош консули, «Толибон»га қарши бўлган Ҳамид Нангиалай Кабири октябр ойи бошида, жумладан, Германия ТИВ томонидан кўрсатилган босим сабаб, истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Шундан сўнг Германия толибларга ваколатхонани топширишга рухсат бергани қарорига қарши ишора сифатида бошқа барча ходимлар ҳам консулхонани тарк этган. Толиб вакиллари келиши муносабати билан Кабирининг видеомурожаатида бу қарор йўл қўйиб бўлмас иш экани, Афғонистон фуқароларига доир махфий ҳужжатлар ва маълумотлар хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдириши таъкидланган.
Dpa агентлиги маълумотича, собиқ бош консул Ҳамид Нангиалай Кабири Германиядан бошпана сўраб ариза топширган, бу аризанинг муваффақият қозониши эҳтимоли мавжуд.
ARD таъкидлашича, Бонндаги консулхона билан бирга толиблар у ерда сақланаётган махфий маълумотларга ҳам кира олади. Илгари ушбу дипваколатхона Европада, Канадада ва Австралиядаги Афғонистон элчихоналари ва консулхоналарининг IT тизимлари учун узел (ҳаб) вазифасини бажарган. Бу маълумотлар толиблар қўлига тушиши қочқинлар ҳамда Афғонистондаги уларнинг оилаларига зарар етказиши мумкинлиги борасида жиддий хавотирлар мавжуд.
Мавзуга оид
10:11 / 13.03.2026
Афғонистон Покистоннинг Кобулга зарбалари оқибатида қурбонлар борлигини маълум қилди
15:28 / 12.03.2026
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо битими тасдиқланди
13:36 / 10.03.2026
АҚШ БМТнинг Афғонистонга ёрдамини қайта кўриб чиқишга эришмоқчи
22:54 / 05.03.2026