Жаҳон | 15:22 / 12.11.2025
2587
3 дақиқада ўқилади

«Уруш тугагунча» — Уляновскда мобил интернет чекланади

Уляновск ва шу ҳудуддаги бир нечта шаҳарларда Россиянинг Украинага қарши уруши якунлангунча мобил интернет ўчирилади, деб хабар берди маҳаллий ҳукумат.

Фото: picture alliance

Уляновск шаҳридан айрим микроҳудудлар ва Уляновск вилоятининг бошқа аҳоли яшайдиган пунктларида украин дронлари ҳужуми хавфи сабаб жорий этилган мобил интернет чекловлари Россиянинг Украинага қарши уруши тугагунча сақланади, деб махсус матбуот анжуманида маҳаллий ҳокимият вакиллари маълум қилди, дея хабар беради “Улправда” нашри 8 ноябр куни.

«Чекловлар ҳудудига айрим турар жой кварталлари, ижтимоий объектлар ва офис бинолари ҳам кирди. Давлат сирини сақлаш нуқтаи назаридан ўчириш зоналарининг аниқ хариталари эълон қилинмайди», — деб ёзади журналистлар. Чекловлар Украинадаги уруш тугагунча давом этади, агар «федерал марказ томонидан бошқа қарорлар қабул қилинмаса».

Шу билан бирга, мобил интернет чекланган ҳудудларда «оқ рўйхат»дан бўлган сайтлар ишлашда давом этади. У рўйхатга «Госуслуги», «Яндекс» сервислари, «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари, Ozon ва Wildberries маркетплейслари, «Мир» тўлов тизими ва бошқалар киритилган. Чекловлар зонасида истиқомат қилувчиларга ўз мобил операторларига мурожаат қилиб, «катта интернет-трафик пакети киритилмаган, кўпроқ мос тарифга» ўтиш тавсия этилди.

Ҳокимият чекловлар «географик жиҳатдан танлаб қўлланиши»ни ва «бутун минтақа бўйича эмас, балки махсус мақсадли муҳим объектлар атрофида амалга оширилишини» таъкидлади.

10 ноябр куни «Ведомости» газетаси ва «Интерфакс» агентлиги манбаларига таянган ҳолда ёзишича, Россия операторлари «фуқаролар ва давлатни юзага келаётган хавфсизлик таҳдидларидан ҳимоя қилиш учун зарур бўлса» ФСБ талаби билан алоқа хизматларини тўхтатиши шарт бўлади.

«Алоқа тўғрисида»ги федерал қонуннинг 44- ва 46-моддаларига тегишли ўзгартишларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси РФ Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди, ундан сўнг ҳукуматнинг қонун лойиҳалари фаолияти бўйича комиссияси уни Давлат Думага киритишни маъқуллади, деб хабар қилади ОАВ.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, ФСБ органларидан сўров келиб тушган ҳолларда «кўчма радиотелефон алоқаси хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни етарлича бажармаганлик учун» алоқа операторларини жавобгарликдан озод қилишни ҳам назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид