Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган шатдаун якунланди
Чоршанба куни кечқурун Вакиллар палатаси бюджет лойиҳаси учун овоз беришди, кўп ўтмай у президент Трамп томонидан имзоланди. Федерал ҳукумат фаолияти рекорд даражадаги 43 кунлик узилишдан кейин қайта тикланди.
Вақтинчалик бюджет чоршанба куни кечқурун, Вакиллар палатасининг 222 нафар аъзоси лойиҳани қўллаб-қувватлаганидан икки соат ўтганида имзолаш учун президент Доналд Трампга киритилган. Унинг маъқулланиши учун конгрессменларнинг кўпчилик овози кифоя эди.
Бунгача бюджет лойиҳаси АҚШ Сенатида маъқулланганди.
Палатанинг ҳозирги таркибида республикачиларда 219, демократларда 214 мандат бор (жами 433 ўрин, айни вақтда икки ўрин бўш турибди). Бу ҳолатда 217 овоз кўпчиликни ташкил этиш учун етарли бўлади.
Аммо чоршанба куни кечқурун залда тўрт нафар конгрессмен йўқ эди: уч республикачи ва бир демократ. Бу эса бюджет лойиҳаси қабул қилиниши учун зарур бўлган чегарани 215 овозгача қисқартирди, натижада вазифа ортиғи билан уддаланди.
Бунга ҳужжатни нафақат 216 нафар республикачи, балки олти нафар демократ ҳам қўллаб-қувватлагани эвазига эришилди. Шу билан бирга, Республикачилар партиясининг икки вакили 207 нафар демократ билан биргаликда лойиҳа учун қарши овоз берган.
Вақтинча бюджет президент томонидан имзолангач, ҳукумат ўз ишини давом эттирди ва АҚШ тарихидаги энг узоқ чўзилган шатдаун якунланди. Олдинги рекорд (35 кун) ҳам Трамп президентлиги даврида, аммо унинг биринчи муддатида ўрнатилганди.
Бу сафар шатдаун 43 кун давом этди. Республикачилар ва демократлар ўртасидаги федерал бюджет бўйича келишмовчиликлар сабаб тахминан 750 минг федерал хизматчи маошсиз мажбурий таътилга чиқарилди. Фақат муҳим таъминот тизимлари – ҳаво ҳаракати диспетчерлик хизмати, полиция, чегара қўриқлаш ва шошилинч тиббий ёрдам учун истисно қилинди.
Axios нашри ёзишича, шатдаун сабаб НАТО иттифоқчиларига АҚШ қурол-яроғини етказиб бериш 5 млрд доллардан (4,3 млрд евро) зиёд умумий сумма бўйича кечиктирилган.
Бюджетни кўп сонли телекамералар қаршисида имзолаган Трамп шатдаун якунланган кунни «буюк кун» деб атаган.
Шатдаун якунланиши билан нималар ўзгаради?
Чоршанба куни қабул қилинган лойиҳа федерал ҳукуматга яна икки ойдан кўпроқ – 2026 йил 30 январгача ишлаш имконини беради.
Қабул қилинган бюджет лойиҳаси барча федерал вазирлик ва идораларнинг 2026 йил 30 январгача ўз фаолиятини тиклашини кафолатлайди, уларнинг молиялаштирилиши таъминланади. Reuters хабарига кўра, кўплаб давлат хизматчилари 13 ноябр, пайшанба кунидан ишга чиқиши кераклиги ҳақида аллақачон билдиришнома олган.
Бундан ташқари, бу шатдаундан келиб чиққан ишдан бўшатиш ва федерал хизматчиларни қисқартириш тўхтатилишини англатади.
Шатдаун туфайли таътилга чиқарилган ёки ҳақ тўламасдан ишлашга мажбур бўлган ишчиларга (масалан, авиадиспетчерларга) илгари иш ҳақи кечиктирилган сана билан тўланган.
Bloomberg маълумотларига кўра, федерал агентликлар ва хизматларни нормал ишлашга қайтариш учун бир неча кун, эҳтимол бир ҳафта керак бўлади.
Бу йил кузда шатдаун туфайли тўхтатилган баъзи дастурлар, жумладан, камбағаллар учун SNAP озиқ-овқат дастури бюджет лойиҳаси томонидан кейинги молия йили охиригача, яъни 2026 йил сентябр ойи охиригача молиялаштирилади. Агар бу вақт ичида янги шатдаун рўй берадиган бўлса, бу уларга таъсир қилмайди.
Инқирознинг моҳияти нимада?
Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси Вакиллар палатасининг асосий қўмитаси томонидан чоршанба куни эрта тонгда етти соат давом этган йиғилишдан сўнг маъқулланди. Ҳужжат учун саккиз нафар конгрессмен овоз берди, тўрт нафари қарши чиқди.
Қўмитадаги республикачилар демократларнинг тиббий суғурта субсидияларини узайтиришни таклиф қилган тузатишларини рад этишди – бу уларнинг янги бюджет атрофидаги мунозарадаги асосий талаби эди.
Вакиллар палатасининг тўлиқ таркибдаги мажлиси АҚШнинг шарқий соҳили вақти билан соат 16:00 га (Гринвич бўйича соат 21:00) режалаштирилганди. Конгрессменлар бир соат давомида баҳс-мунозара олиб бориши, шундан сўнг ҳал қилувчи овоз бериш жараёни ўтказилиши кўзда тутилганди.
Бироқ, маърузалар деярли икки соат давом этди ва палатадаги демократик озчилик етакчиси Ҳаким Жеффрис ҳатто «сеҳрли дақиқа» деб аталадиган вақтдан фойдаланди, бу унга якуний овоз бериш арафасида чекловсиз нутқ сўзлаш имконини беради. Унинг нутқи тахминан ярим соат давом этди ва у ҳукумат ишидан бошқа масалаларга ҳам тўхталди.
Йиғилиш арафасида Жеффрис Демократик партия вакиллари номидан таклиф қилинган ҳужжатга қарши курашишга ваъда берганди.
«Биз, Вакиллар палатаси демократлари, республикачиларнинг оддий америкаликлар учун яшаш нархини янада оширишга қаратилган масъулиятсиз уринишига қатъиян қаршимиз», – деганди у CNN телеканалига берган интервюсида.
Жеффрис, шунингдек, душанба куни кечқурун бюджет лойиҳаси бўйича овоз беришда республикачиларни қўллаб-қувватлаган Сенатдаги айрим демократларнинг ҳаракатларидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.
Демократларнинг шатдаун пайтидаги асосий талаби 24 миллион америкалик учун тиббий суғуртани янада қулайроқ қиладиган солиқ имтиёзларини узайтириш тўғрисидаги қоидани қонунга киритиш эди.
Бироқ республикачилар бирдамликни сақлаб қолишди ва ён беришдан бош тортишди, фақат декабр ойида тиббий суғурта субсидияларини узайтириш бўйича алоҳида овоз беришга рози бўлишди. Улар бир неча ҳафта олдин шундай таклифни илгари суришган эди.
Шу билан бирга, тегишли чора Сенат томонидан маъқулланишига кафолат йўқ, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон эса солиқ имтиёзлари масаласини қуйи палатада овозга қўйишини ҳали тасдиқламади.
Жонсон 53 кун давомида Вакиллар палатасида сессия ўтказмади ва шу тариқа Сенатда демократларга босимни кучайтиришга ва шатдаунни тўхтатиш учун муросага келишга ҳаракат қилди.
Шатдаун якунлари бўйича ким ютди ва ким ютқазди?
Чоршанба кунги овоз беришдан олдин Вакиллар палатаси спикери сентябр ойида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозонган демократ, Аризонадан янги сайланган конгрессмен Адилита Грихалвани қасамёд қилдирди. Унинг лавозимига киришиши шатдаун туфайли кечиктирилди.
У қасамёд қабул қилганидан сўнг, палатадаги демократлар сони ортди – 219 овозга қарши 214 овоз. Натижада шундай вазият юзага келдики, республикачилар овоз беришда партиядошларининг иккитадан ортиқ овозини йўқотишига йўл қўйиб бўлмасди, охир-оқибат бу содир бўлмади.
Прогнозларга кўра, иккала партия ҳам бюджет инқирозидан сиёсий йўқотишлар билан чиқади.
Сўровлар шуни кўрсатадики, сайловчилар шатдаунда республикачиларни бироз кўпроқ айблашади, шу билан бирга, демократлар ўртасидаги ички келишмовчиликлар бироз кучлироқ бўлган.
Бюджет қабул қилиниши ҳукуматга ишни давом эттириш имконини беради, аммо танаффус учун деярли вақт бўлмайди. Шатдаун тугагандан сўнг, Конгрессда ҳукумат иши яна тўхтатилишига йўл қўймаслик учун атиги икки ой вақт қолади, чунки қонун лойиҳасида кўзда тутилган жорий молиялаштириш муддати 30 январда тугайди.
Муроса ёки таслим бўлиш? BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер шатдаун тугаши демократлар учун нимани англатиши ҳақида
Демократ сенаторлар Конгрессда озчиликни ташкил этганига қарамай, ҳукумат ишини тўхтатишга муваффақ бўлди. Улар республикачилардан кам даромадли америкаликлар учун тиббий суғурта бўйича солиқ имтиёзларини узайтиришга рози бўлишни талаб қилиб, ултиматум қўйишди – бундай имтиёзлар 2025 йил охирида амал қилишни тўхтатади.
Аммо якшанба куни бир неча демократ партия позициясига зид равишда ҳукумат ишини қайта тиклаш учун овоз беришганида, улар деярли ҳеч қандай жавоб ололмади – фақатгина Сенатда субсидиялар бўйича овоз бериш ваъдаси берилди, аммо республикачилар томонидан қўллаб-қувватланиш кафолатисиз ва ҳатто Вакиллар палатасида зарур овоз беришсиз.
Ўшандан бери партиянинг сўл қаноти аъзолари ғазабда. Улар бу ой бошида бўлиб ўтган оралиқ сайловлардаги муваффақият устунлик улар томонда эканини кўрсатган бўлса ҳам, партия таслим бўлганини ҳис қилишмоқда. Улар шатдаунни тўхтатиш натижасида келтирилган қурбонлар беҳуда кетганидан хавотирда.
Ҳатто Калифорния губернатори Гэвин Нюсом каби мўътадилроқ демократлар ҳам демократлар федерал ҳукуматни қайта тиклаш учун қилган келишувни «ачинарли» ва «таслим бўлиш» деб аташди.
Нюсом 2028 йилги сайловларни мақсад қилган президентлик амбицияларига эга демократ сифатида партиядошлар кайфиятининг яхши барометри бўлиши мумкин. Агар у паншахани қўлга олишга тайёр бўлса, бу Демократик партия етакчилари учун ёмон аломат.