Ўзбекистон | 23:06 / 13.11.2025
3507
2 дақиқада ўқилади

Ҳолливудда Тошкент вилояти ваколатхонаси очилди

Флорида штатидаги ваколатхона вилоятнинг иқтисодий, маданий ва туристик салоҳиятини АҚШда кенг тарғиб этиш учун ташкил қилингани таъкидланмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

АҚШ Флорида штатининг Ҳолливуд шаҳрида Тошкент вилояти ваколатхонаси очилди. Тадбирда АҚШ сафарида бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев иштирок этди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Тошкент вилоятининг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва икки томонлама савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратиш экани таъкидланмоқда.

«Янги ваколатхона вилоятнинг иқтисодий, маданий ва туристик салоҳиятини АҚШда кенг тарғиб этиш, шунингдек, америкалик бизнес ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишда муҳим платформа вазифасини бажаради. Тошкент вилояти ва Ҳолливуд шаҳри ўртасида бир қанча йўналишларда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу борада мазкур ваколатхона орқали вилоятдаги тадбиркорлар ва экспортёрлар учун АҚШ бозорига чиқишда амалий кўмак кўрсатиш, ишбилармон доиралар ўртасида ҳамкорлик кўприкларини яратиш кўзда тутилган», дейилади хабарда.

Флорида штатидаги Ҳолливуд шаҳрига (Лос-Анжелесдаги машҳур Ҳолливуд райони билан номдош) 1925 йилда асос солинган ва тахминан 200 минг аҳоли истиқомат қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид