Жаҳон | 19:12 / 13.11.2025
3304
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон – Марказий Осиёда интернет қисман эркин бўлган ягона давлат

Дунёда интернетдаги эркинлик даражаси кетма-кет 15 йил пасаймоқда, Марказий Осиё мамлакатлари эса рейтингда ҳамон «қисман эркин» ва «эркин бўлмаган» тоифада қолмоқда.

Фото: РБК

Freedom House халқаро нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилоти интернет эркинлиги бўйича навбатдаги ҳисоботини (.pdf) тақдим этди. Унга кўра, дунёда интернетдаги эркинлик даражаси кетма-кет 15 йил пасаймоқда, Марказий Осиё мамлакатлари эса рейтингда ҳамон «қисман эркин» ва «эркин бўлмаган» тоифада қолмоқда.

Минтақада Қирғизистон 100 баллдан 47 балл тўплаб, «қисман эркин» интернетга эга давлатлар қаторига киритилган.

Қайд этилишича, Қирғизистонда эркин онлайн муҳитга кириш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Экспертлар сайтлар ва ижтимоий тармоқларнинг вақти-вақти билан блокланиши, мустақил оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформаларга босим ўтказилиши, давлат органлари томонидан назоратнинг кучайтирилиши, шунингдек, журналистлар ва фаоллар учун жиноий жавобгарликка тортиш хавфи мавжудлигини таъкидламоқда. Конституциявий ўзгаришлардан сўнг сиёсий ҳокимият тобора кўпроқ ижро этувчи тузилмалар қўлида тўпланиб бораётгани, бу эса демократия даражасига салбий таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган.

Қозоғистон эркин бўлмаган онлайн муҳитга эга давлат сифатида 37 балл олди. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам эркин интернетдан фойдаланиш имконияти чекланган давлатлар тоифасига киритилди.

Freedom House эслатишича, ахборотдан фойдаланиш ва фойдаланувчиларнинг ҳимояланганлиги демократик жараёнларни ривожлантиришнинг асосий омилларидир. Ташкилотнинг фикрича, Қирғизистон блоклаш амалиётини қисқартириши, сўз эркинлиги бўйича ишларни кўриб чиқишда судларнинг мустақиллигини таъминлаши, интернет қонунчилигини қайта кўриб чиқиши ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаши керак.

Freedom House ҳисоботи 70 мамлакатда интернет эркинлиги билан боғлиқ вазиятни баҳолайди ва рақамли ҳуқуқлар ҳолатининг асосий халқаро кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид