Жамият | 17:44 / 13.11.2025
4092
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тегишли ҳужжатсиз реклама ўрнатилган машиналарга чора кўрилди

Сўнгги рейдларда реклама жойлаштирилган 470 та автомобил текширилган. Улардан 390 тасида реклама паспорти мавжуд эмаслиги аниқланган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳрида реклама паспортисиз ҳаракатланаётган транспорт воситаларини аниқлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Тадбирлар Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Қайд қилинишича, сўнгги рейдларда реклама жойлаштирилган 470 та автомобил текширилган. Улардан 390 тасида реклама паспорти мавжуд эмаслиги аниқланган. Таъкидланишича, уларга «Реклама тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 104-сон қарори талабларига зид ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Жумладан, айрим ҳайдовчилар реклама паспорти талаби ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. Шу сабабли жойларда ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 389 та огоҳлантириш хати топширилган, 1 таси жарима майдонига жойлаштирилган.

Таъкидланишича, тадбиркорлар билан тушунтириш ишлари ўтказилиб, реклама жойлаштириш фақат my.gov.uz портали орқали паспорт олинган тақдирда қонуний ҳисобланиши эслатилган. Шундан сўнг, реклама паспорти олиш учун 1200 та ариза тушган.

Хабар берилишича, назорат тадбирлари доимий равишда давом этади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид