Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп ва Путин ортидан Си ҳам G20 саммитига боришдан бош тортди
Жанубий Африкада ўтадиган G20 саммитида Хитой ва Россия президентлари ўрнига бошқа вакиллар иштирок этади, АҚШ умуман қатнашмайди.
Фото: Getty images
Жанубий Африкадаги G20 саммитида Хитойга Си Жинпинг эмас, балки бош вазир Ли Цян вакиллик қилади. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
«Жанубий Африка ҳукумати таклифига биноан ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Цян 21-23 ноябрь кунлари Йоҳаннесбургда бўлиб ўтадиган «Йигирматалик гуруҳи»нинг 20-саммитида иштирок этади», дейилади вазирлик сайтидаги хабарда.
Ли Цян 2023 йилда Ню-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммитида ҳам Хитой номидан иштирок этган. Шу билан бирга, бўлажак саммитда 2008 йилдан бери биринчи марта учта энг йирик иштирокчи давлат - АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарлари иштирок этмайди. Аввалроқ АҚШ ва Россия президентлари - Доналд Трамп ва Владимир Путин сафарни рад этган эди. Биринчиси мезбон давлат «жуда ёмон сиёсат» олиб бораётгани туфайли ўз мамлакати G20 саммитида умуман иштирок этмаслигини айтган.
Май ойида ЖАР президенти Сирил Рамафосанинг Оқ уйга ташрифи чоғида Америка етакчиси давлат ҳокимиятини гўёки у ерда оқ танли фермерлар оммавий равишда ўлдирилаётганликда айблади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков октябрь ойи охирида Владимир Путин G20 саммитида «шахсан иштирок этмаслигини», бироқ мамлакат «муносиб даражада тақдим этилишини» айтди.