Жаҳон | 12:47 / 13.11.2025
3478
2 дақиқада ўқилади

ЕИ украиналик журналист Рошчинанинг ўлими учун санкциялар жорий этади

ЕИ санкция рўйхатига қийноқлар ва сиёсий таъқибларда иштирок этган РФдан қамоқхона ходимлари, судялар ва терговчилар киритилади. ЕИ маълумотларига кўра, Виктория Рошчина 2024 йил сентябр ойида Россиянинг тергов ҳибсхонасида вафот этган.

Фото: AFP

Европа Иттифоқи Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) ходимларига нисбатан шахсий санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда — улар украиналик журналист Виктория Рошчинага нисбатан қийноқлар ва унинг ўлдирилишига алоқадор деб ҳисобланмоқда. «Система» нашрининг 12 ноябр кунги хабарига кўра, рўйхатга журналистлар ва фаолларни сиёсий таъқиб қилишга аралашган куч тузилмалари ходимлари ва судялар ҳам киритилади.

Нашр манбаларига таяниб хабар қилинишича, санкциялар ФСИНнинг украин маҳбуслари қийноққа солингани учун жавобгар деб кўрилган Таганрогдаги СИЗО-2 ходимларини ҳам қамраб олади. Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, Рошчина 2024 йил сентябр ойида айнан шу ерда ҳалок бўлган.

12 ноябр куни ЕИ мамлакатлари элчилари чеклов чораларини жорий этиш қарорини маъқуллади. Санкция рўйхатига 10 нафар Россия фуқароси киритилган, улардан тўрт нафари — ЕИ фикрича Виктория Рошчина ўлими учун масъул деб ҳисобланадиган ФСИН ходимлари.

Бундан аввал Украинадаги «Слiдство.инфо» нашри Рошчина Таганрогда эмас, балки Перм ўлкасининг Кизел шаҳридаги СИЗО-3 да вафот этган бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди. Журналистлар маълумотига кўра, 2024 йил сентябрда у Таганрогдаги СИЗО-2дан Кизелга ўтказилган ва шу ерда 19 сентябр куни 27 ёшида вафот этган.

Собиқ украин ҳарбий асирлари бу муассасада маҳбуслар ҳушидан кетгунча калтакланиши, аёлларнинг эса мажбуран ёппасига сочи олиб ташланишини айтган. Россия ҳокимияти Виктория Рошчинани ушлаб туриш фактини фақат 2024 йил май ойида тасдиқлаган. Унинг жасади 2025 йил феврал ойида Украина томонига топширилган бўлиб, унда қийноқ излари аниқланган, айрим ички аъзолари етишмагани қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид