Ўзбекистон | 09:31 / 14.11.2025
10686
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўрик етиштириш ва экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринда

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўрик етиштириш ва ўрик экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, мамлакат шафтоли, гилос ва узум етиштириш ва экспорт қилиш бўйича ҳам етакчи локациялар қаторида қайд этилмоқда.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон ўрик етиштириш ва экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринда, шунингдек, шафтоли етиштиришда ҳам асосий локациялардан бири ҳисобланади.

Бу ҳақда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ўғилой Болтабоева брифингда маълум қилган.

Маълумотларга кўра, 2024–2025 йилларда республика бўйича жами 43,2 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этилмоқда.

Интенсив боғлар учун энг йирик ҳудудлар қуйидагича белгиланган:

  • Наманган вилояти – 3 277 га;
  • Самарқанд вилояти – 2 539 га;
  • Жиззах вилояти – 2 413 га;
  • Сурхондарё вилояти – 1 700 га;
  • Андижон вилояти – 1 439 га.

Шунингдек, бошқа вилоятларда ҳам интенсив боғлар майдони кенгаймоқда.

Агентлик ахборотида таъкидланишича, жорий йилнинг 9 ойида 1,6 миллион тонна мева маҳсулотлари 1,5 миллиард доллар қийматда 70 дан ортиқ давлатга экспорт қилинган.

Янги барпо этилган боғларнинг 2–3 йил ичида ҳосилга кириши инобатга олинса, яқин 3–5 йил ичида мамлакат мева экспорти ҳажмини камида 30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилган.

Глобал рейтинглар бўйича Ўзбекистон қуйидаги кўрсаткичларга эга:

ўрик етиштириш бўйича дунёда Туркиядан кейин 2-ўрин;
ўрик экспорти бўйича Италиядан сўнг 2-ўрин;
гилос, узум ва шафтоли экспорти бўйича ҳам етакчи давлатлар қаторида турибди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид