Жаҳон | 08:57 / 14.11.2025
2725
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Киевга тунги ҳужуми: 14 киши жабрланди

Украина пойтахтининг бир нечта туманларида турар жой уйларига шикаст етди, камида 14 киши жабрланди, улар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор.

Фото: Gleb Garanich/REUTERS

14 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Киевни дронлар ва баллистик ракеталар билан оммавий тарзда нишонга олди. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Тимур Ткаченкога кўра, камида 14 киши жабрланди, улар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор.

Хабар қилинишича, турар жой уйлари Подол, Днипро, Деснян, Соломен, Святошин ва Оболон туманларида шикастланган. Голосеев туманида парча-қолдиқлар тушиши оқибатида тиббиёт муассасасида ёнғин содир бўлди, Шевченко туманида эса маъмурий бино ёниб кетган. Украина пойтахти мэри Виталий Кличко маълумотига кўра, иссиқлик тармоқларининг айрим участкалари шикастланган. Деснян туманида бир қатор биноларга вақтинча иссиқлик таъминоти тўхтаган.

Киев вилоятида яна олти нафар жабрланувчи борлиги маълум. Улар орасида бир бола ҳам бор, деб маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашник.

14 ноябр кечаси Харкив, Черкасск, Чернихив ва Суми вилоятлари ҳокимиятлари ҳам пилотсиз учиш аппаратлари (дрон) хавфи ҳақида ахборот берган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид