Иқтисодиёт | 07:15 / 15.11.2025
5476
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодий ўсиш суръатлари: 2025 йилнинг энг тез ривожланаётган мамлакатлари

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръатлари бўйича зиддиятли манзарани намоён қилмоқда. Европа иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви билан тўқнаш келаётган бир пайтда, қатор ривожланаётган мамлакатлар, аксинча, глобал ўртача даражадан камида икки баравар тез суръатда ривожланмоқда. Жанубий Судандан то Эфиопиягача — 2025 йилда иқтисодий юксалишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида экспорт салоҳияти намоён бўлмоқда.

Юқоридаги инфографикада Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг World Economic Outlook номли сўнгги ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг энг тез ўсувчи иқтисодиётлари кўрсатилган. Жанубий Судан иқтисодиёти ўтган йили шикастланган асосий нефт қувур линиясини тиклашдан кейин деярли 25 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунга қарамай, Жанубий Судан иқтисодиёти жуда ҳам заиф ҳолатда қолмоқда. Қўшни Судандаги можаро мамлакат миллий даромадининг тахминан 90 фоизини ташкил этувчи нефт етказиб беришни яна издан чиқариши мумкин.

Худди шундай, Ливия ва Гайанада ЯИМнинг юқори ўсиши ҳам нефт экспорти ҳажмларининг ошиши билан боғлиқ. Хусусан, Гайана нефт саноати 2025 йилнинг ўзида тахминан 2,5 миллиард доллар даромад келтириши, 2030 йилга бориб эса мамлакат соҳиллари яқинида очилган йирик конлар ҳисобига бу кўрсаткич 10 миллиард долларга етиши мумкинлиги қайд этилган.

Ривожланган иқтисодиётлар орасида ушбу рўйхатга фақат Ирландия кирди. Бу ерда ўсиш, асосан, Трамп маъмурияти томонидан тарифлар жорий этилишидан олдин фармацевтика маҳсулотлари экспорти ошиши ҳисобига таъминланмоқда.

Шу орада, савдо соҳасидаги кескинликлар сақланиб қолаётганига қарамай, Ҳиндистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Дунёда энг юқори даражадаги бож ставкаларидан бири саналадиган 33–36 фоизлик божларга қарамасдан, АҚШга товар экспорти мамлакат ЯИМнинг тахминан 2 фоизини таъминлаб берувчи муҳим омил бўлиб қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид