Жаҳон | 17:49 / 16.11.2025
8447
1 дақиқада ўқилади

Исроил Мудофаа вазирлиги Фаластин давлати бўлмаслигини маълум қилди

Шунингдек, Ғазо охирги туннелгача демилитаризация қилиниши ва ҲАМАС ҳаракати қуролсизлантирилишини айтди.

Фото: Florion Goga / Reuters

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац мамлакат Ғазо секторининг назорат остидаги ҳудудларида ҲАМАС жангариларини қуролсизлантириш билан мустақил равишда шуғулланишини маълум қилди. Қолган ҳудудларда бу вазифани халқаро кучлар ёки Исроил армияси бажаради. Сиёсатчи Х ижтимоий тармоғида тегишли баёнот билан чиқди.

Шунингдек, Кац Исроилнинг Фаластин масаласидаги позициясини тасдиқлаб, мамлакат Фаластин давлатининг ташкил этилишига йўл қўймаслигини айтди.

«Исроил сиёсати аниқ: Фаластин давлати ташкил этилмайди. Ғазо охирги туннелгача демилитаризация қилинади ва ҲАМАС ҳаракати қуролсизлантирилади», деб ёзди мудофаа вазири.

10 октябрдан бошлаб Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим амал қилмоқда. ҲАМАС ва Исроил тинчлик шартномасини имзолаганидан кейин мунтазам равишда гаровга олинганларнинг жасадларини алмашмоқда.

Айни пайтда 150 дан ортиқ давлат Фаластин мустақиллигини тан олган. Сентябрь ойида бу рўйхатга Франция, Буюк Британия, Канада, Португалия ва Австралия қўшилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид