Жаҳон | 20:28 / 16.11.2025
4793
2 дақиқада ўқилади

Миср қадимий касалликлардан бирига барҳам берилганини эълон қилди

Трахома инсониятга 3 минг йилдан бери маълум бўлган бактериал кўз инфекцияси бўлиб, Мисрда унинг тарқалиш даражасини эпидемиологик хавфсиз кўрсаткичларгача пасайтирди.

Фото: AP

Миср Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан (ЖССТ) трахомани жамоат саломатлиги муаммоси сифатида бартараф этгани тўғрисида сертификат олди. Ушбу воқеа юқумли касалликларга қарши глобал курашда катта ютуқ бўлди ва миллионлаб одамларнинг кўриш қобилиятини ҳимоя қилишга қаратилган кўп йиллик миллий лойиҳани якунлади.

ЖССТ Мисрда трахоманинг тарқалиш даражаси эпидемиологик хавфсиз кўрсаткичларгача пасайганини тан олди. Мамлакат бу натижага эришган дунёдаги 27-давлат бўлди.

Трахома инсониятга 3 минг йилдан бери маълум бўлган бактериал кўз инфекциясидир. Даволанмаса, тузатиб бўлмайдиган кўрликка олиб келиши мумкин. Миср тарихан касаллик тарқалиши юқори бўлган ҳудуд ҳисобланган, аммо соғлиқни сақлаш соҳасидаги изчил ислоҳотлар вазиятни тўлиқ назорат остига олиш имконини берди.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 20 йилдан ортиқ вақт давомида қуйидагиларни ўз ичига олган SAFE стратегиясини амалга оширди: асоратларни (трахиас) жарроҳлик йўли билан даволаш, инфекция ўчоқларида антибиотикларни оммавий қўллаш, юз тозалиги - гигиенани мустаҳкамлаш бўйича миллий кампаниялар, тоза сув ва санитария таъминотини яхшилаш.

Жумладан, 1-9 ёшли болалар ўртасида касалланишни кенг кўламли хариталаш ўтказилди, электрон ҳисобот тизими жорий этилиб, ҳолатлар устидан назорат кучайтирилди ва маҳаллаларда ўн минглаб ўқув тадбирлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси инфекция юқишини касаллик аҳоли учун хавф туғдирмайдиган даражага тушириш имконини берди.

Таъкидланишича, бу жуда муҳим, чунки Миср «абадий» деб ҳисобланган ва қашшоқлик билан боғлиқ бўлган касалликларни ҳам бутунлай йўқ қилиш мумкинлигини кўрсатди.

Миср эришган ютуқ трахома ҳали ҳам кенг тарқалган бошқа мамлакатларни илҳомлантиради - бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ одам хавф остида қолмоқда.

Миср касалликнинг эҳтимолий қайтишига йўл қўймаслик учун вазиятни кузатишда давом этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид