Ўзбекистон | 12:06 / 17.11.2025
1316
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳаво тозалагичга талаб кескин ошди

Сўнгги кунларда Ўзбекистон аҳолисининг Google'дан “ҳаво тозалагич” сўзини излаши рекорд даражада кўпайди. Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, ўтган ҳафта бу тенденция бирданига катта сакрашни амалга оширган. Бундан аввалги рекорд 2021 йил ноябрининг илк ҳафтасида ўрнатилган, ўшанда Тошкентда мисли кўрилмаган чанг бўрони бўлган эди. Божхона статистикасига кўра, ҳаво тозалагичлар импорти 3 йилда 9 баробарга ошган.

Фото: Ben Hasty / MediaNews Group / Reading Eagle via Getty Images

Ўзбекистонда ҳаво сифати ёмонлашиб бораётгани ортидан, маиший ҳаво тозалагичларга талаб кескин ошиб бормоқда. Kun.uz эътибор қаратган Google қидирув тизими маълумотлари ва божхона статистикаси шундан дарак беряпти.

Google Trends'га кўра, 2025 йил ноябр ойига қадар “очиститель воздуха” (ҳаво тозалагич”) сўзи Ўзбекистон ҳудудида энг кўп қидирувга берилган ҳафта – 2021 йил ноябр ойининг биринчи ҳафтаси бўлган. Ўшанда Тошкент шаҳрида мисли кўрилмаган чанг бўрони кузатилган, эшик-деразалари ёпиқ уй ичкарисида ҳам нафас олиш қийинлашиб кетган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2021 йил 4 ноябр куни Тошкент шаҳрида 678 киши нафас қисиши билан боғлиқ муаммолар сабаб тез ёрдамга мурожаат қилган, улардан айримлари касалхонага ётқизилган.

Шундан кейин, Google Trends'нинг кўрсатишича, 2023 йил январ ойидан бошлаб ҳаво тозалигич қидирувлари сони ошиб борган. 2025 йил ноябр ойининг иккинчи ҳафтасига келиб, тўрт йил олдинги чанг бўрони пайтида ўрнатилган рекорд янгиланган. Сўнгги икки кунда (16-17 ноябр кунлари) эса бу рекорд мутлақ янгиланган.

Божхона қўмитаси статистикасига кўра, Ўзбекистонга маиший ҳаво тозалагичлар импорти охирги 3 йилда 9 баробарга ошган. 2022 йилда бундай маҳсулотлардан 2 мингта олиб кирилган бўлса, 2025 йилнинг ўн ойида жами қиймати 1,3 млн долларлик 18,5 мингдан ошиқ ҳаво тозалагич импорт қилинган.

Маълумот учун, ҳаво тозалагичлар (ТИФ ТН коди 8509) импорти учун 20 фоиз, лекин ҳар бир донаси учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда импорт бож ўрнатилган.

Қайд этиш лозим, 2025 йил октябр ойидан бошлаб Ўзгидромет деярли ҳар куни кўчага ниқоб тақиб юриш ҳақида тавсия бериб бормоқда.

Ҳаво сифатини ёритиб борувчи IQAir порталида Ўзбекистон шаҳарларининг кузатувчилари сони

Айни пайтда, IQAir портали ва иловасида ҳам Ўзбекистон шаҳарларидаги ҳаво сифатини кузатиб борувчилар ошиб боряпти. Порталнинг Тошкент шаҳри бўйича обуначилари сони 600 мингга яқинлашиб қолган.

Аввалроқ Тошкентда ижод қилувчи Inkuzart тахаллусли кўча рассоми янги стрит-артини айни шу мавзуга бағишлаган эди. У чизган суратда одамлар кўчада газга қарши ниқоб тақиб юрганини кўриш мумкин.

Фото: Inkuzart

Ушбу мавзу ҳақида Kun.uz ўтган ҳафта дайжестида ҳам сўз юритган эди:

Мавзуга оид