Жаҳон | 21:55 / 17.11.2025
3159
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда СИ қонуни пайдо бўлди: дипфейк яратиш тақиқланди

Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент тегишли равишда белгиланиши (ёрлиққа эга бўлиши) керак.

Фото: Getty images

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев сунъий интеллект (СИ) соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қабул қилинган нормалар, хусусан, дипфейкларни яратганлик учун жавобгарликни назарда тутади, деб ёзди Orda.

Қонун, шунингдек, сунъий интеллект маҳсулотларининг эгалари ва фойдаланувчилари сунъий интеллект тизимларини ишлатишдаги ролини ҳисобга олган ҳолда жавобгар бўлиши ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган контент тегишли равишда белгиланиши (ёрлиққа эга бўлиши) кераклигини назарда тутади.

Мулкдорлар хавфларни бошқариш ва хавфсизлик учун ҳам жавобгардир. Қозоғистон ҳудудида «манипулятив усуллардан фойдаланиши, мамлакат қонунларини бузган ҳолда шахсий маълумотларни тўплаши ва қайта ишлаши» мумкин бўлган тизимларни яратиш ва улардан фойдаланиш тақиқланди.

Forbes нашрининг ёзишича, Тўқаев томонидан имзоланган қонун мамлакат ҳудудида таъминланмаган рақамли активлар айланишини ҳам тартибга солади. Илгари таъминланмаган рақамли активлар айланишига фақат «Остона» халқаро молия маркази ҳудудида рухсат берилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид