Молия | 08:57 / 02.06.2026
1862
2 дақиқада ўқилади

Президент қарори: молиявий хизматлар оммабоплиги оширилади

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнеснинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида рақамли платформалар, сунъий интеллект технологиялари ва муқобил скоринг тизимлари жорий этилади. Бу Президентнинг молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга қаратилган қарорида белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2030 йилга қадар рақамли инфратузилма орқали молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектларига ажратиладиган молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, тадбиркорлар учун рақамли платформалар орқали қулай шароитлар яратиш назарда тутилган.

Қарор билан Марказий банкка “Рақамли ҳукумат” тизими маълумотлари асосида тадбиркорларга оид маълумотларни бирлаштирувчи рақамли молиявий платформа ишга тушириш вазифаси юклатилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосида муқобил скоринг моделини жорий этиш режалаштирилган.

Ҳужжатда кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари ҳам белгиланган. Хусусан, рақамлаштириш ва халқаро стандартларни жорий этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун энг фаол тадбиркорлик субъектларига грантлар ажратилиши кўзда тутилган.

Қарор ижроси доирасида давлат органлари, банклар ва молия бозори иштирокчилари ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек рақамли молиявий хизматлар инфратузилмасини янада ривожлантириш чоралари амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид